Шерзод Муҳаммаджонов,
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги
Тошкент ахборот технологиялари
университети, Ахборот-кутубхона
тизимлари кафедраси ассистенти

В статье рассматривается стандарт описания архивных документов, в частности, возможности ISAD(G) (англ. General International Standard Archival Description), разработанный Международным советом архивов для использования в создании баз данных электронных архивов. Этот стандарт в 1992 году был принят в Монреале, как устав электронных документов для международных организаций. Он широко используется в крупнейших архивных организациях, например, в Библиотеке Конгресса США, Национальной библиотеке Канады, Национальном архиве Кореи.

 Жаҳонда электрон архив яратиш бўйича изланишлар, тадқиқотлар ҳо-зирга қадар давом этмоқда. Асосий вазифа этиб ягона стандарт ва ушбу стандартга асосланган электрон архивнинг тавсиф форматини яратиш белгиланган. Шу сабабли, мамлакатамизда электрон архив яратишга чет эл илғор ташкилот ва муассасалари тажрибаларини чуқур ўрганган ҳолда ёндашиш, мавжуд стандарт ва ҳужжатларнинг ҳар бир жиҳатларини синчковлик билан тадқиқ этиш мақсадга эришишни таъминлайди.

Бугунги кунда бир қатор ривожланган давлатлар, хусусан, АҚШ, Канада, Жанубий Корея ва Россия архив муассасаларида элек-трон архивни шакллантириш учун бир қанча стандартлар қўлланилмоқда (1-жадвал).

Ушбу жадвалда келтирилган стандартлар орасида EAD ва EAC стандартлари асосан тавсиф ёзувини тизимлараро айирбошлашда қўлланилади. Қолганлари эса айнан архив маълумотлар базаси тузилмасини яратишда ва архив ҳужжатларини бевосита тавсифини яратишда ишлатилади. Бу борада Халқаро архив кенгаши (ICA) ташаббуси билан ишлаб чиқилган стандартлар, шубҳасиз, мукаммал стандартлар ҳисобланади.

1992 йилда Монреал шаҳрида Халқаро архив кенгаши томонидан Архив тавсифи принциплари тўғрисидаги Низом қабул қилинди. Низомда архив тавсифига оид стандартларни яратишда қуйидаги вазифалар белгилаб қўйилди:

– бир қолипга солинган, адекват ва ортиқча шарҳ талаб қилмайдиган тавсиф яратишни кафолатлаш;

– архив материаллари ҳақидаги маълумотларни қидириш ва ўзаро алмашишни мувофиқлаштириш;

– авторитет маълумотлардан қўшма фойдаланиш имкониятини тақдим этиш;

– ягона ахборот тизими доирасида турли манбалардан олинган тавсиф ёзувларини интеграция қилиш имкониятини таъминлаш.

      Ушбу принципларга асосланган ҳолда архив тавсиф элементларини аниқлаб берувчи ISAD(G) стандарти ишлаб чиқилди. Кейинчалик, яна бир қанча стандартлар – ISAAR (CPF), ISDF, ISDIAH яратилди.

ISAD(G) (англ. General International Standard Archival Description) – архив тавсифининг асосий халқаро стандарти 90-йилларда Халқаро архив кенгаши томонидан ишлаб чиқилган. У архив тавсифининг умумий қоидаларини ўз ичига олади: барча тавсиф даражалари ҳақидаги маълумотга эга бўлган кетма-кет тавсиф яратишни таъминлаш, архив ҳужжати тўғрисидаги ахборотни қабул қилиш ва алмашиш ҳамда турли ташкилот каталогларини ягона ахборот тизимига интеграция қилиш имкониятларини яратишдир.

Мазкур стандартда архив тавсифининг асосий қоидаси белгиланган, яъни архив тавсифи умумий тавсифдан алоҳида ҳужжат тавсифигача бўлган ёзувдан келиб чиқади: фонд, рўйхат, йиғма жилд, ҳужжат. Стандарт 26 та элементдан иборат 7 тавсиф соҳасини ўз ичига олади.

Бу стандарт жаҳондаги йирик архив ташкилотларида кенг қўлланилади, масалан, архив ҳужжатларининг улкан фондига эга бўлган АҚШ Конгресс кутубхонаси, Канада Миллий кутубхонаси, Корея Миллий архивлари.

ICA стандартлари электрон архив тизимида архив тавсифи билан бирга бошқа бир неча асосий объект турларини тавсифлаш ва ҳужжатлар орасидаги семантик алоқани шакллантиришга имкон яратади: архив тавсифи, авторитет ёзув, архив муассасаси, фаолият, ҳуқуқлар, атамалар. Қўшимча объектларга архивга қабул қилиш ва жамлаш манбалари ёзувлари киради. Асосий объектлар бир-бирига мантиқан боғланган. Улар орасидаги семантик алоқани қуйидагича тасвирлаш мумкин (1-расм).

Бундай моделга асосланган электрон архив қидирув тизими нафақат архив ҳужжатлари, балки шахслар ва ташкилотлар авторитет ёзувлари, мавзули каталог (маълумотно-малар), архив муассасалари ва сақлаш жойлари бўйича ҳам қидириш имконини беради.

Ҳозирда «Ўзархив» агентлиги томонидан бир қанча лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2016–2017 йилларга мўлжалланган «Архив ресурсларининг йиғма электрон каталогини яратиш» инновацион лойиҳаси доирасида айнан юқоридаги халқаро стандартларни чуқур ўрганган ҳолда, архив ҳужжатлари учун миллий метамаълумотлар тизимини ишлаб чиқиш ва уларни архив маълумотлар базасини яратишда татбиқ этиш масалалари юзасидан илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳадан кўзда тутилган мақсад – архив фондларининг йиғма электрон каталоги ёрдамида Ўзбекистон Республикаси Давлат архив ресурсларидан унумли фойдаланиш, архив муассасаларида сақланаётган ҳужжатлар тўғрисида оператив ахборот олишни таъминлаш.

Шубхасиз, архив ҳужжатлари тавсифига оид халқаро стандартларни ўрганиш ҳамда бу борада етакчи архив муассасалари тажрибаларини таҳлил қилиш келажакда юртимиздаги архивларнинг фаолиятини тўғри ташкил этиш ва электрон архив тизимларини архивларда жорий қилиш ишларининг самарадорлигини оширади.

INFOLIB, №2, 2017