Феруза Ахмедова,
Тошкент Фармацевтика
институти Ахборот- ресурс маркази
кутубхоначиси

Ташкентский фармацевтический институт является одним из престижных выс-щих учебных заведений Узбекистана.
В статье представлена информация о картотеке материалов о лекарственных растениях, произрастающих не только в Узбекистане, но и в дальнем и ближнем Зарубежье, что представляет огромный интерес для ученых различных сфер, занимающихся научными изысканиями.

Тошкент Фармацевтика институти 1937 йилда Тошкент тиббиёт институтининг негизида ташкил топди. Ўша даврда у Ўрта Осиёда ягона фармацевтика бўйича мутахассислар тайёрлайдиган илм масканларидан бири бўлган. Бугунги кунгача кўплаб мутахассис олимларни етказиб берди. Ушбу даргоҳда кутубхона 500м2 майдони эгаллаган бўлиб, фонди 1 000 га яқин китоблардан иборат бўлган. Институт олимлари кутубхона фондига ҳадя тариқасида берган адабиётларидан илмий фонд ташкил топа бошлаган. Кутубхонада 2 та ходим ишлар, кутубхона тўғри фаолиятини юритиш учун бошқа бўлимларни ҳам уларнинг ташкил қилиш ва юритиш барча бўлимларини тузиш ҳамда ташкил қилиш уларнинг зиммасига юклатилган эди. Орадан беш йил вақт ўтгач, кутубхона фонди 20 000 нусхадан ошди.

Ўтган тарихий давр давомида республикамизда фармацевт кадрлар фақат дорихона муассасалари учун тайёрланиб, олий таълим тизимида битта «Фармация» мутахассислиги мавжуд бўлган. Дори воситаларини ишлаб чиқариш корхоналари, клиникалар, косметик препаратлар ишлаб чиқариш корхоналари учун кадрлар тайёрлаш кўзда тутилмаган эди. Ҳозирда талабаларимиз юқорида айтиб ўтилган барча корхоналарда ўз иш фаолиятини олиб бормоқдалар.

Ҳозирги кунда Фармацевтика институти Ахборот-ресурс марказининг фонди ўзбек, рус ва хорижий тиллардаги 366 950 номдаги ресурсларга эга.

Фонд ўз таркибига кўра: дарсликлар, ўқув қўлланмалар, бадиий адабиётлар, диссертациялар, авторефератлар, диплом ишлари, маъруза матнлари, вақтли матбуот, шунингдек, CD дисклар, видеокассеталар (илмий ва ўқув адабиётларнинг электрон версиялари)ни ўз ичига олади. Ахборот-ресурс марказида XVII – XIX асрлар фармациясига доир нодир нашрлар ҳам мавжуд. Институт раҳбарияти ҳамда институт изланувчилари томонидан чет эл сафарларидан олиб келинган адабиётлар АРМга беғараз ёрдам сифатида тақдим этиб келинмоқда. Бу эса, ўз навбатида, мутахассисликлар бўйича чет эл нашрларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиради.

АРМ ходимлари хизмат кўрсатиш бўлимида, асосий ўқув зали ва электрон зал, талабалар турар жойидаги кутубхона ўқув залларида 2 500 дан ортиқ фойдаланувчи рўйхатдан ўтказилиб, йил давомида 20 000 дан ортиқ китобхонларга хизмат кўрсатади.

АРМнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, дарслик ва ўқув қўлланмалар ҳолати, шунингдек, янги замонавий компьютер технологиялари билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилди. АРМ давлат таълим стандарти талабига жавоб берадиган замонавий компьютер техникаси (27 та компьютер, нусха кўчириш, принтер ва сканер аппарати) билан таъминланди.

АРМ нинг компьютерлари интернет тармоғига уланган ҳамда локал тармоқда фойдаланувчилар учун CD-диск ва электрон шаклдаги дарслик, ўқув қўлланмалар, бадиий адабиётлар, Президент асарлари, энциклопедиялар, инглиз тилидаги электрон адабиётлар, жами 4 722 та манба билан хизмат кўрсатади. Улардан 155 таси CD кўринишидаги «олтин мерос» фонди бўлиб, институт профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилган машғулотлар тасвирга туширилган. Қолган 3 431 таси ҳарид қилинган, МДҲ давлатларидан келтирилган ва беғараз ёрдам сифатида АРМга топширилган ҳамда талабалар томонидан ҳадя қилинган электрон адабиётлардир.

Институтнинг pharmi.uz сайти орқали кутубхона базасига кириш имконияти мавжуд бўлиб, бу ерда талабалар ўзлари учун керакли барча маълумотларни олишлари билан бирга, АРМнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларга эга бўлишлари хам мумкин.

Ахборот-ресурс маркази «АРМАТ» дастурида иш фаолиятини олиб боради, ҳозирги кунга келиб электрон каталогда 33 260 та библиографик ёзув ҳамда тўлиқ матнли электрон адабиёт мавжуд.

Институтда илмий изланувчилар учун: EBSCO, Oxford University Press, ProQuest, Springer каби хорижий илмий-таълимий маълумотлар базаларидан фойдаланиш йўлга қўйилган.

АРМ анъанавий алифболи, тизимли, бош топографик каталоглар ҳамда библиография картотекалари асосида иш юритади. Картотекаларнинг турли мавзудалиги китобхонларга зарур материални топишга ёрдам беради. Олим Ҳ. Холматов томонидан тузилган «Доривор ўсимликлар картотекаси» АРМнинг «Олтин мероси» ҳисобланиб, у изланувчиларга, талаба ёшларга доривор ўсимликлардан фойдаланишда қулайлик яратади. «Рефератив журнал»лар картотекасини тузишда манбаа бўлиб хизмат қилади. Мазмунига кўра, бу картотекани ноёб ҳисоблаш мумкин.

Тошкент фармацевтика институти 1992 йилдан бошлаб «Фармацевтика журнали»ни чоп этади. Фармацевтика журналида мамлакатимизнинг илмий изланувчилари, институт профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари томонидан ёзилган мақолалар чоп этилади. Мақолаларда: дори воситалари, дорихоналар фаолиятининг иқтисодий таҳлили, доривор ўсимликлар хусусиятлари, фармацевтикага оид барча мавзулар ва ҳ.к баён этилади.

Институт ёш илмий изланувчилари, магистрантлари ва талабаларнинг самарали таълим олишлари учун барча шароитлар мавжуд. Жумладан,фармацевтикага оид адабиётлар: кимё, фармакология, фармакогнозия, фармацевтик кимё, фармацевтик технология мутахассисларининг касбий маҳоратини оширишга хизмат қилмоқда.

Талабаларни билимга янада қизиқтириш мақсадида ва ҳордиқ чиқаришлари учун АРМга янги келиб тушган адабиётлар кўргазмалари, ижодий учрашувлар, викторина ўйинлари Маънавият ва маърифат бўлими билан ҳамкорликда ўтказилиб келинмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Ахборот-ресурс маркази ёш фармацевтларни малакали бўлишига ўз ҳиссасини қўшиб, юртимиз янада ривожланиши, фармацевтика соҳаси гуллаб- яшнаши учун бор маҳоратларини ишга солмоқдалар. Буюк олим ва табиб Абу Али ибн Сино таълимотини мукаммал ўрганиб, келажакда малакали фармацевтларнинг ортиб боришига сидқидилдан ҳаракат қилмоқдалар. Фармацевтика таълимининг келажаги замонавий жамиятнинг талабларига жавоб бера оладиган, узлуксиз ўз устида ишлаш ва касбий маҳоратини доимо оширадиган кадрлар тайёрлаш билан боғлиқдир.

INFOLIB, №4, 2016