(Ўзбекистон халқ шоири омон матжон билан суҳбат)

Туғилган гўшам – қадимий китоблар юрти… Қадим Хоразм диёри… Унинг ҳар қарич ери олис ўтмиш билан туташган, улуғларимизнинг қадами теккан, юртимизнинг энг бой нодир китоблари сақланган муқаддас маскан… Биласизми, менда шоирлик ҳаваси уйғонишида ўша замин, ўша тарих меҳробига лаб босган миноралар, асрий Амударё ҳайратлари са-баб бўлган бўлса, ажабмас. Тупроққалъадан топилган тўрт минг йиллик манбаларга кўра, ўша даврлардаёқ хоразм ёзуви амалда бўлган. Бу юртимизнинг ҳар гўшаси нақадар узоқ тарих билан туташганига, сирли хазиналарга тўла эканлигига аниқ мисол бўлади. Япон олимлари Тибет тоғларида археологик текширишларни олиб борар экан, тўрт минг йил аввал ишланган ва номаълум ёзувлар битилган кўзаларни топиб олишади. Японларни қизиқтириб қўйган бу ёзувнинг тилини топишлари жуда мураккаб кечади. Анча вақт кетади. Ниҳоят тиниб-тинчимас олимлар ёзувлар Ўрта Осиё ҳудудида жойлашган хоразм ёзуви эканлигини аниқлашади. Кўзаларнинг ичини очиб кўришганда эса, куй чалаётган муғаннийлар тасвири туширилган тангалар чиқади. Юртимизнинг санъати нақадар қадимий ва маънавиятимиз нақадар бойлигига яна бир мисол бу. Амударёнинг оқишини, балиқларнинг олтин тангаларини, миноралар устидаги лайлаклар саломи менинг ижодимнинг ўлмас манбаларидир…

Илк мутолаа завқи…

Мен болаликда отамга ёрдамлашиш учун бозорга чиқардим. Савдо-сотиқдан бироз пул, чойчақа тежаш мумкин эди. Кейин бозордан қайтаётиб тежалган пулларга китоб дўконларидан энг яхши деб билган (кўпроқ саргузашт) китоблар сотиб олардим ва уйга кунни кеч қилмай қайтишга уринардим. Қишлоғимизда ҳам кутубхона бўларди. Кейинчалик ўша кутубхонадаги сара китобларнинг барчасини ўқишга муяссар бўлганман. Ўша пайтда ўқиган Машраб, Навоий, Лев Толстой, Достоевский, Ги де Мопассан асарларидан ҳайратланганим, шеърлар машқ қилганим ёдимда… Болалик шўхлик, ўқиш, халфачи момолар оҳанглари ичра ўтди. Ёрқин ва ширин хотиралар…

Университет кутубхонасидан Олмония китоб оламига

1961 йилда Самарқанд давлат университетининг филология факультетида таҳсил ола бошладим. У ернинг кутубхонаси ҳамон эсимдан чиқмайди, деворларнинг сувоғию, эшикларининг рангигача ёдимда. Мен у ерда катта адабиёт билан танишдим. Ҳамма кутубхоначилар мени танишар, ғамхўрлик кўрсатишарди. Уларни ўзимнинг опаларимдек кўрардим. Кейин шу ерда ўтказиладиган адабий тўгаракларга қатнашдим, шеърлар машқ қилдим. Сўнгра ҳарбий хизматни бажариш вақти келди. Биз Германияга йўл олдик. Европа менга бўй кўрсатди. У юртда, умуман, олам ҳақидаги тасаввурларим, фикрларим кенгайди. Бунинг устига, юрт соғинчи, орзу ва умидлар бағрида эдим. Ўша жойда ҳам менинг соғинчларимни енгиллатадиган, қалбимга юртим ҳароратини улашадиган бир маскан бор эди. Бу ҳарбий қисм яқинида жойлашган кутубхона эди. У кутубхона жуда бой бўлиб, хилма-хил адабиётлар билан тўла эди. Ўша пайтларда рус тилида ўқишга ва уни тушунишга қийналардим. Шунда мен ўз олдимга бир мақсад қўйдим. Бир аҳдни белга тугдим. Бу ҳар куни китоб ўқиш, тушунсам-тушунмасам мутолаа қилишни тўхтатмасликка аҳд қилдим. Кейин ўқиганларим астасекин бўй кўрсата бошлади. Соғинчга йўғрилган шеърлар ёздим, ҳайратландим, таъсирландим. Кутубхоналар доимий талпинган масканимга айланди.

Илк қадам, илк зафар…

Ҳарбий хизматда ёзган шеърларим тўпланиб қолди. Анчагина дафтарлар тўлди. Шеъларимнинг чоп этилишини фарзанди туғилишини кутаётган отадек орзиқиб кутар, орзу қилардим. Шунда аскарлардан бири – аспирант Исоқул Тўрақуловнинг биздан олдинроқ уйга қайтадиган вақти бўлди. Унга шеърларимни тутар эканман, илтимос қилдим: «Тошкентга борсанг, бу шеърларни, албатта, «Шарқ юлдузи»га олиб бориб бер!» – деб тайинладим. Орадан бир оз вақт ўтди. Ҳарбий хизматни якунлаш арафасида менга Хоразмдан мактуб келди. Отам почтачи эди. Отамдан нима келибди, дея орзиқиб мактубни оча бошладим, қарасам, «Шарқ юлдузи»… Ичида менинг шеърларим… «Аскар мактублари» номи билан чоп этилган экан. Учдим осмонларга, бошим тегиб юлдузларга… Бўлди қийқириқ… бўлди байрам…

Елкада шинель аскарликдан қайтар эканман, Тошкентга тушиб, «Шарқ юлдузи» ходимларига раҳмат айтиб ўтишни мақсад қилдим. У ердан ҳам маънан, ҳам моддий бойиб чиқишимни кутмагандим. Ўша куни атоқли ёзувчи ва шоир Шуҳрат билан суҳбат қурдим. Устоз мени кўриб, «Ҳа, аскар, келдингми? Қалам ҳаққи олдингми?» деб сўроқлаб қолди. Мен ўша пайтларда қалам ҳақи ҳақида эшитмаган ҳам эдим. Шунда ҳисобчи келиб менга 120 сўм пул берган. Бу мен, аскарликдан қайтаётган йигит учун каттагина пул эди. Шу қалам сийловини олдим-у, хурсанд бўлиб Хоразмга қайтганим, у ердан поезддан туша солиб, уй томон чопиб, «Отажон, мен келдим» – деб бақирганим ҳамон ёдимда…

Навоий кўчаси ва Навоий кутубхонаси…

Навоий кўчаси, 30 уй… Бу ном менга тенгдош ва издош ижодкорларнинг барчасини тўлқинлантириб юборади. Эҳ, ўша жойдаги адабий суҳбатлар, дўстлар дийдори, китоблар муҳокамаси, тонггача давом этадиган шеърхонлик, оғир ва завқли меҳнат… Қай бирини сўйлай, қай бирини эслай… Тошкентга келиб, Ғафур Ғулом номидаги нашриётда ишлай бошладим. Мен шоирлик ҳавасида, муҳаррирлик эса бошқа, машаққатли ва масъулиятли меҳнат экан. Бу ерга келиб устозларга эргашиб қаттиқ меҳнат қилишни ўргандим, ижодга бўлган кучли эътиқодни мустаҳкам тугдим. Қанчадан-қанча тенгдошларимизнинг, дўстларнинг, чекка вилоятларидан ташриф буюрган укаю сингилларнинг илк китоби чиққанини нишонлаб, қувончларига шерик бўлиш насиб этди. Устозлар дуосини ҳам шу масканда олишга муяссар бўлдим. Навоий кўчасининг ҳар қадамида элимизнинг суюкли зотларини учратиш мумкин эди. «Шукур Бурхон пиёда» шеърим ҳам шу ҳайрат, шу нигоҳ, шу ҳурмат намунаси ўлароқ вужудга келди. Кечагидек эсимда. Ўша шеър газеталарда чоп этилгач, бир куни менга буюк санъаткор Шукур Бурхон телефон қилди. Ўша вазмин, дўриллоқ, лекин жуда таниш ва машҳур овозда гап бошлади. «Омон, менга бағишлаб ўн иккита шоир шеър ёзган. Шайх (Мақсуд Шайхзода) ҳам… Лекин чойхонадаги дўстларим Омоннинг шеърида бир гап бор дейишяпти…» Шукур Бурхон буюк санъаткор эди. Навоий кўчаси, 30 уй умрим баҳорининг боғидир!..

Тошкент шаҳрининг чиройини ҳар ким ҳар хил кўради. Кимдир унинг сўлим табиатини, кимдир меҳмондўст одамларини, кимдир ширин нонларини, кимдир баланд биноларини… Тошкент ҳақидаги шеъримда: «Муқаддас Навоий кутубхонаси Тамаддун қудратин синар Тошкентда», – дея ўз фикримни ифода этганман. Тошкентга келиб фаолиятимни бошлаган илк кунларимдан тортиб, то ҳозиргача кутубхоналардан озиқланиб, куч олиб келаман.

Ўқи, ўқи, уқ…

Ёшлик ҳайратлар, муҳаббат ва ўзига чексиз ишонч ва келажакка умид фасли…

Ниятим, ёшларнинг адабиётга бўлган қизиқиши, завқи ортиб борсин. Улуғ адабиётимизда чинакам ватанпарварлик анъаналари давом этсин! Ўзбекистон Миллий кутубхонаси юрт маънавиятини мангу ёритиб турсин!

Шукур Қурбон суҳбатлашди

INFOLIB, №4, 2016