Машҳура Дармонова,
Тошкент шаҳар давлат архиви
архивчиси

В статье свете новейших знаний представлена информация о деятельности Государственного архива г. Ташкента в современный период. В частности, раскрываются меропрятия по полноценному комплектованию архива документами за период Независимости Республики, обеспечение сохранности и внедрение новых информационных технологий в архивное дело. Освещаются работы по организации и использования архивных документов. К примеру, за прошедший 2016 год было выполнено 795 тематических запросов из 810, а также 16 956 из 17 171 социально-правовых запросов граждан.

Архив – ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни амалга оширувчи давлат ёки нодавлат муассасаси бўлиб, унда мужассамлашган ҳужжатларда миллатнинг босиб ўтган тарихий йўли, маданияти, урф-одати ва қадриятлари акс этади.

Бугунги кунда архив фаолиятини ривожлантиришга, архив ишини янада такомиллаштириш, жаҳон талаблари даражасида жамиятни ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиришга қаратилган бир қанча ҳукумат қарорлари ва меъёрий ҳужжатлар тасдиқланган.

Тошкент шаҳар давлат архивида – кўп йиллик тарихга эга бўлган, Ўзбекистон тарихи акс эттирилган корхона, муассаса ва ташкилотлар ҳужжатлари, Тошкент шаҳар тарихи, маданияти, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий-маърифий ҳаёти ва турмушига тегишли ҳужжатли ёдгорликлар, Тошкент шаҳар давлат архиви ҳужжатларини тўлдирувчи илмий-тадқиқот, ахборот, маълумот ва бошқа архив ишлари учун ишлатиладиган тасвирий, қўлёзма, матбуот ва бошқа материаллар, архив фондлари таркиби ва мазмунини очиб берувчи илмий қўлланмалар ва ҳужжатлар тўп-ламлари (рўйхатлар, каталоглар, йўл кўрсаткичлар, маълумотномалар, шарҳлар, ҳисобга олиш ҳужжатлари ва бошқалар), шунингдек, архивнинг маълумот ахборот жамғармаси (МАЖ) таркибига кирувчи матбуот нашрлари ва бошқа материаллар сақланади.

Тошкент шаҳар давлат архиви 1973 йилда ташкил этилган бўлиб, унда 1917 йилдан ҳозирги кунгача бўлган даврдаги ҳужжатлар, жумладан, 319 491 сақлов бирлигидаги доимий сақланувчи Миллий архив фонди ҳужжатлари, 76 353 сақлов бирлигидаги узоқ муддат сақланувчи шахсий таркиб ҳужжатлари, шунингдек, шаҳар давлат архивининг Уч-тепа биносида 150 000 сақлов бирлигидаги шахсий таркиб ҳужжатлари сақланмоқда.

Архивга мурожаат этган фуқаролар тўғрисидаги статистик маълумотларни таҳлил қиладиган бўлсак, давлат архивига бир кунда ижтимоий-ҳуқуқий ва мавзули сўровлар бўйи-ча мурожаат қиладиган фуқаролар сони 100 дан зиёдни ташкил этмоқда.

Хусусан, 2016 йил давомида Тошкент шаҳар давлат архивига 810 та мавзули сўровлар асосида мурожаатлар келиб тушган бўлса, шулардан 795 таси ижобий ҳал этилди. Ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровлар эса 17 171 тани ташкил этиб, улардан 16956 таси ижобий ҳал этилди. Ушбу сўровлар архив томонидан бепул бажарилади, буларга асосан эвакуация, меҳнат стажи, иш ҳақи, тақдирла-ниш, ўқиш даврини тасдиқлаш, васийликка олиш каби хизматлар киради.

Мавзули сўровларга эса олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя шартномалари, ворислик ҳақидаги гувоҳномалар, қурилиш ва ижара шартномлари, ер ажратиш ҳақидаги ҳокимликлар қарорлари, фармойишлари каби сўровлар кириб, булар пуллик амалга оширилади.

Бугунги кунда нафақат архив ҳужжатларини сақлаш, балки замонавий ахборот-технологиялари ёрдамида улардан нусха кўчириш, сифатини тиклаш ва алоҳида қимматли ҳужжатларни рақамлаштириш, яъни электрон тизимга ўтказиш ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда. Архив ўқув хонаси тадқиқотчиларга сифатли хизмат кўрсатиш учун ахборот-коммуникация технологиялари билан тўлиқ таъминланган, жумладан, уларга ҳужжатлар қоғоз асосида эмас, балки электрон шаклда тақдим этилади. Натижада, архив ҳужжатига тегинмаслик, ҳужжатнинг асл ҳолати сақлаб қолинишига эришилмоқда. Шунингдек, фуқароларнинг вақти тежалишига ва ортиқча оворагарчиликларга чек қўйилмоқда.

Тошкент шаҳар давлат архивида 38 000 сақлов бирлигидаги алоҳида қимматли ҳужжатлар рўйхатлари мавжуд бўлиб, 2015 йил давомида 200 дан ортиқ йиғма жилдлар ҳужжатларидан 31 000 дан зиёд кадрлар, яъни алоҳида қимматли ҳужжатларнинг 7 фоизи рақамлаштирилди.

Тошкент шаҳар давлат архиви қошида «Ташкилотлар ҳужжатларини шартнома асосида тартибга келтириш» бўлими фаолият юритади, бўлимнинг асосий вазифалари, давлат архивининг жамлаш манбаи бўлган ташкилотлар, корхоналар, муассасаларда ва бошқа идораларда сақланадиган ҳужжатларнинг қийматини экспертиза қилиш бўйича ишларни амалга ошириш, ана шу ташкилотларнинг бошқарув, илмий-тадқиқот ва бошқа махсус ҳужжатлари, шахсий таркибга оид ҳужжатлар, шахсий йиғма жилдларга илмий, техникавий ишлов беришни ташкил этиш ва ўтказишдан иборат.

Архивнинг жамлаш манбаига ҳозирги кунда 300 дан ортиқ ташкилотлар, корхоналар ва муассасалар киритилган бўлиб, ушбу ташкилотларнинг идоравий архивларига иш юритиш, архив фаолияти бўйича амалий ва услубий ёрдам кўрсатилиб келинади. Бундан асосий мақсад идоравий архивларда сақланаётган Ўзбекистон халқининг моддий ва маънавий ҳаётини акс эттирган, тарихий, илмий, иқтисодий, сиёсий ва маданий аҳамиятга эга бўлган архив ҳужжатларининг тарихан таркиб топган ва доимо бойитиб бориладиган Миллий архив фонди ҳужжатларини, шахсий таркиб ҳужжатларини ҳамда вақтинча сақланаётган ҳужжатларнинг ҳисобини юритишдир.

Давлат архиви жамлаш манбаи бўлган ташкилотлар, корхоналар, муассасаларда иш юритилади ва архив иши бўйича меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқади. Давлат сақловига топшириш лозим бўлган ҳужжатларнинг рўйхатини ва уларга илмий маълумотнома ахборотини (ИМА) тузади.

Тошкент давлат архивининг Учтепа биносида 600 000 дан ортиқ сақлов бирлигидаги Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондига киритилган ҳужжатларни давлат сақловига қабул қилиш шароитлари яратил-ди. Шунингдек, бу бинода жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш, тадқиқотчилар ва фойдаланувчилар учун ўқув заллари, жис-моний зарар етказилган ҳужжатларни тиклаш ва таъмирлаш бўйича устахона, алоҳида қимматли ҳужжатларни рақамлаштириш бўйича электрон архивлар, 20 дан ортиқ ҳужжатхоналар қуриб ишга туширилди.

Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш жоизки, архивлар халқ ўтмиши, кечаги ва бугунги кун ҳужжатларини келажак авлодга етказаётган, ватан тарихини яратишда муҳим роль ўйнайдиган асосий манбалардан бири ҳисобланади. Тарихий ҳужжатлар ўтмиш ва келажак ўр-тасидаги кўприкдир. Шунинг учун ҳам, уларни кўз қорачиғидай эҳтиёткорлик билан асраб-авайлаш ҳар бир фуқаронинг асосий вазифаси, ўтмиш ва ўзликни англатувчи бу қимматли манбани келажак авлодга тўлиқ етказиш эса инсоний бурчидир.

INFOLIB, №4, 2016