Хуршид Файзиев,
Темурийлар тарихи
давлат музейи
директори, тарих
фанлари номзоди

В статье Государственный музей истории Темуридов для многих стал окном в историю, посредством которого его посетители получают массу достоверной информаций о личности Амира Темура, его деяниях и жизни потомков. Каждый человек, который сюда приходит, с гордостью уходит за своего великого предка, желая быть достойным его поколения и своими успехами внести свою лепту в развитие страны. Музей стал одним из самых любимых достопримечательностей жителей и гостей г.Ташкента. Со дня образования его посетили более 2 млн. человек. Музей посещают множество зарубежных государственных деятелей и официальных делегаций.

Мустақиллик йилларида буюк аждодларимиз меросини асраб-авайлаш борасидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижасида бобокалонимиз Амир Темур шахси қадр топди. Унинг жаҳон тарихидаги ўрни, дунё тамаддунига қўшган беқиёс ҳиссаси кенг миқёсда эътироф этилди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан Амир Темур ордени таъсис этилиши, Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги халқаро миқёсда нишонланиши, Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз шаҳарларида бобокалонимизнинг улуғвор ҳайкаллари қад ростлаши буюк аждодимиз хотирасини эъзозлаш, номини абадийлаштириш йўлида олиб борилган хайрли ишлар сирасидандир. Шунингдек, пойтахтимиз марказидаги хиёбон, шоҳкўча, метро бекати, юртимизнинг турли ҳудудларидаги маданият ва маърифат масканларига ҳам Амир Темур номи берилган.

1996 йилда Тошкент шаҳрида Темурийлар тарихи давлат музейининг бунёд этилиши халқимизнинг Соҳибқирон сиймосига ҳурмат-эҳтироми ва ифтихорини, юртимизда илм-фан, маданият соҳаси тараққиётининг тарихий илдизини дунёга кўз-кўз этди. Яна бир эътиборли жиҳати, бетакрор меъморий ечими ва салобати билан нафақат юртдошларимиз, балки хорижлик сайёҳ ва меҳмонларни ҳайратда қолдириб келаётган бу улуғвор кошона ёш авлодни бой тарихимиз, миллий қадриятларимизга ҳурмат-эҳтиром ва Ватанимизга муҳаббат руҳида тарбиялашга хизмат қилиб келмоқда.

Музейнинг асосий вазифаси – Амир Темур ва Темурийлар даврида илм-фан, маориф ва маданиятнинг юксак даражадаги тараққиётини ҳаққоний акс эттириш ва кенг тарғиб қилиш, чуқур инсонпарварлик руҳи билан суғорилган тарихий ютуқларимиз ва анъаналаримиз асосида ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва миллий истиқлол ғоясини сингдиришдан иборатдир.

Музей «Давлат ноёб илмий объектлари» рўйхатига киритилган бўлиб, унинг хазинасида Ўзбекистон тарихини акс эттирувчи ашё-лар сақланади. Булар – Амир Темур ва Темурийлар даври тарихига оид қўлёзмалар, ёзишмалар, кумуш ва мис тангалар, Амир Темур мақбарасидан олинган асори-атиқалар, сопол ва мис буюмлар, меъморий қопламалар, XIX – XX асрларга оид китоблар, нумизматик ашёлар, этнографик буюмлар ва ҳ.к.з. Ҳозирги кунда музей экспозициясидан мингдан ортиқ экспонат жой олган.

Музей хазинасини Франциядаги Лувр музейи томонидан совға қилинган Амир Темур сиймосининг нусхалари, Эрон элчихонасидан Амир Темур ва Темурийларнинг қўшни давлат ҳукмдорлари билан дипломатик ёзишмалари, Ҳиндистон элчихонасидан бир нечта қўлёзма саҳифаларидан нусхалар, Покистон, Хитой элчихоналари, Малайзия, Қозоғистон, Россия, Грузия, Туркия ва бошқа давлатларнинг совғалари янада бойитди.

 Ҳозирги кунга қадар музей фонди 5 000 дан зиёд экспонатлар билан тўлдирилди. Жумладан, музейга тақдим этилган ашёлар ва коллекциялар, турли давлат раҳбарлари, меҳмонлар томонидан тақдим этилган ашёлар, шахсий коллекция эгалари томонидан совға қилинган сўзаналар, мис ва жез буюм-лар, тарихий китоблар, қўлёзмалар шулар жумласидандир. Хусусан, Амир Темур ва Темурийлар даврига оид қўлёзма асарлар, турли давлатлар ҳукмдорлари билан ёзишмалар, нодир китоблар, қадимий тангалар, қурол-аслаҳалар, уй рўзғор буюмлари, миллий ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати намуналари томошабинларда катта таассурот қолдиряпти. 

Музей нафақат Темурийлар даврига оид ашёларни намойиш этиш, балки Амир Темур ва Темурийлар даврини ўрганиш билан боғлиқ илмий изланишларни ҳам амалга ошириб келмоқда.

Музейда доимий равишда илмий-амалий анжуманлар ўтказиб келинади. Унда темуршунос олимлар, катта илмий ходим изланувчилар ҳамда талабалар иштирок этиб келмоқдалар. Ўтказилган республика ва халқаро илмий-амалий анжуманлар иштирокчиларига, маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари қатнашчиларига Амир Темур ва Темурийлар даври тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи нодир экспонатлар тўғрисида мазмунли экскурсиялар ташкил этилади. Шунингдек, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини камол топтиришда, ўзбек халқининг бой тарихи билан маънавий озиқлантириш мақсадида мамлакатимизнинг турли вилоятларидан келган кам таъминланган оилалар фарзандлари, мактабгача таълим муассаса болалари, меҳрибонлик уйлари табияланувчилари учун бепул экскурсиялар олиб борилади.

Музейда ҳар йили ташкил этиладиган кўргазмалар эса ташриф буюрувчиларга янгидан-янги маълумотларни етказишга хизмат қилиб келмоқда. Бундай кўргазмаларда Амир Темурнинг тарихда тутган ўрни, унинг нафақат буюк ҳарбий саркарда ва йирик давлат арбоби, балки теран бунёдкор шахс бўлганлиги ва у асос солган бунёдкорлик фаолияти авлодлари томонидан давом эттирилгани ўз аксини топган. Шу ўринда биз музейда ташкил этилган баъзи кўргазмаларга тўхталиб ўтмоқчимиз.

Музейда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот институтлари, музейлари билан ҳамкорликда Республика миқёсида йирик кўргазмалар ташкил этиш ҳам анъанага айланган. Ўзбекистон тарихига оид энг ноёб ашёлардан ташкил топган «Ўзбекистон. Мозий дурдоналари», Амир Темур давлати билан Кастилия қироллиги ўртасида ўрнатилган дипломатик алоқаларнинг 600 йиллигига бағишланган «Амир Темур – Клавихо – Самарқанд», ўзбек давлатчилиги тарихининг ёзув маданияти билан узвий боғлиқлигини ашёлар воситасида ифодаловчи «Ўзбекистонда ёзув маданияти тарихи», «Ноёб қўлёзмалар» ва «Ноёб қўлёзмалар хазинасидан (тошбосма китоблар)» кўргазмалари фикримизнинг далилидир.

Бугунги кунда турли сабабларга кўра чет элларга олиб чиқиб кетилган Темурийлар даврига оид қўлёзма асарлар, бадиий ҳунар-мандчилик буюмлари ва санъат намуналари дунёнинг энг машҳур музей ва коллекцияларида намойиш этилиб, томошабинларни ҳайратга солиб келмоқда. «Жаҳон хазиналаридаги Темурийларга оид жавоҳирлар» кўргазмасидан Россия, Туркия, АҚШ, Франция, Англия каби давлатларда сақланаётган Темурийлар даврига оид ашёларнинг, жумладан, Улуғбек Мирзо, Султон Ҳусайн Мирзо номи ёзилган пиёлаларнинг, Мироншоҳ Мирзо, Гавҳаршодбегимнинг узук-муҳрларининг ҳамда Темурийлар даври бадиий ҳунармандчилик буюмларининг нусхалари жой олган.

Соҳибқирон Амир Темур таваллудига 680 йил тўлиши муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ташқи ишлар вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Темурийлар тарихи давлат музейи, Халқаро Амир Темур жа-моат фондининг 2016 йилда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 680 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисидаги таклифлари ҳукуматимиз томонидан маъқулланди.

Ана шу режани амалга ошириш учун музей томонидан бир қанча кўргазмалар ташкил этилди. Жумладан, «Темурийларга оид дунё бўйлаб тарқалган дурдоналар», «Музей хазинасидаги нодир қўлёзмалар», «Истиқлол йилларида Амир Темур ва Темурийлар тарихига оид нашр этилган китоблар» кўргазмалари ташкил этилди.

Шунингдек, музейда мунтазам равишда 18 май – Халқаро музейлар кунига бағишлаб, «Музейлар: тарих, замонавийлик ва келажак истиқболлари» мавзуида илмий-амалий семинар ташкил этилади, маърузалар тингланиб, сўровномалар ўтказилади.

Музейда ахборот тизимининг яхши йўлга қўйилганлиги ва у зарур мутахассислар билан таъминлангани боис, бошқа давлат музейлари билан яқин алоқа ўрнатилган. Ҳозирги кунда музей илмий ходимлари томонидан Интернет тизими орқали кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Чунончи, жаҳон кутубхоналарида сақланаётган Амир Темур ва Темурийлар даврига оид қўлёзма ва манбаларни излаб топиш, ўрганиш ҳамда имкониятдан келиб чиққан ҳолда, улардан нусхалар (ксерокопия, сканер, фотокопия) олиш ишлари йўлга қўйилган.

Музейнинг интернетда www.temurid.uz веб саҳифаси ҳам мавжуд. Бу ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги саҳифада музейда бўлаётган илмий янгиликлар, намойиш этилаётган экспозициялар, музей тадбирлари ва музейга ташриф буюраётган расмий меҳмонлар ҳақидаги маълумотлар мунтазам равишда намойиш этиб келинади. Шунингдек, музейнинг виртуал кўриниши яратилди. Унда музей заллари бўйлаб саёҳат ва экспонатларнинг 3D кўриниши акс эттирилган. Бу лойиҳа орқали фойдаланувчилар экспонатлар ҳақидаги маълумотларга батафсил эга бўлишлари мумкин. Бугунги кунда ушбу лойиҳа музейда жойлаштирилган киоскда намойиш этиб келинмоқда.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, музей ўзининг йигирма йиллик қисқа фаолияти даврида йирик илм ва маърифат марказига айланиб улгурди, чунончи, бугун бу ерда йирик темуршунос олимлар билан кенг жамоатчилик вакиллари, академиклар, фан докторлари билан биргаликда, ҳамжиҳатликда фаолият юритиб келмоқда.

INFOLIB, №4, 2016