Нилуфар Жабборова,
Шароф Рашидов номидаги
Жиззах вилоят Ахборот-кутубхона
марказининг Илмий-услубият
бўлими мутахассиси

В статье освещена деятельность информационно-библиотечного центра Джизакской области имени Шарафа Рашидова: об условиях, созданных для пользователей, о сформированных современных видах информационных и эксклюзивных услуг, оказанных пользователям в рамках информационно-библиотечного обслужива-ния.

Оммага китоб етказиш маркази, албатта, кутубхонадир. «Агар кутубхона бўлмаганда эди, – дейди машҳур кутубхонашунос Л.Б. Хавкина, – нашр этилган мавжуд китоблар ҳамма томонга тарқалиб кетиб, комета сингари вақт ўпқонига сингиб кетарди ва улардан фақатгина библиографик маълумот қолиб, китобларсиз бу маълумотлар қабрга қўйилган тошларга ўхшаб қолар эди». Дарҳақиқат, китоб, бу – инсон ақл-заковатидан пайдо бўлиб, доимо унинг хизматида бўлган, унинг ҳаётини, дунёдаги воқеа-ҳодисаларни акс эттириб аждодларга етказиб келган битмас-туганмас ахборот манбаидир. Инсон бутун умри давомида китоб билан ҳамкор ва ҳамнафасдир. Тарихда одамлар, қабилалар, ҳатто буюк давлатлар ҳам йўқ бўлиб кетган, лекин китобда уларнинг ҳаёти сақланиб қолган. Буюк мутафаккир Абу Райҳон Беруний: «Ахборот турларидан бири, балки муҳимроғи китобат ёзувидир, агар у бўлмаганда, қадимий воқеалар, илмлар ҳақида маълумотларга эришиб бўлмас эди», деб ёзади.

Ҳужжатларни йиғиш ва сақлаш ҳамда фойдаланувчилар талабини қондириш, бу – кутубхонанинг бош вазифаси ҳисобланади.

Ана шундай масканлардан бири Шароф Рашидов номидаги Жиззах вилоят Ахборот-кутубхона марказидир. Маскан 1974 йилнинг 2 сентябрида ўз иш фаолиятини бошлаган.

1983 йилда вилоят кутубхонасига Шароф Рашидов номи берилганидан кейин, кутубхона Шароф Рашидов номидаги Жиззах вилоят илмий-универсал кутубхонаси деб юритила бошланди.

Аҳолини, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни, уларнинг замонавий талабларини ҳисобга олган ҳолда, янада кенгроқ, тизимли ахборот билан таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Жумладан, АКМда автоматлаштирилган иш жойлари ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда ИРБИС ҳамда KaDaTa дастурлари асосида иш олиб борилмоқда ва ҳозирги кунгача 40 018 нусхадаги адабиётни библиографик тавсифи компьютер хотирасига туширилган. Электрон кутубхоналар яратиш борасида эса 90 нусхадаги адабиёт сканер қилиниб тўлиқ матнли маълумотлар базалари шакллантирилмоқда.

Булардан ташқари, АКМнинг барча бўлимлари компьютерлар билан таъминланган ва локал тармоққа уланган ҳамда алоҳида электрон ўқув зали мавжуд. АКМда фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш, уларнинг талаб ва эҳтиёжлари, қизиқишларини қондириш учун рақамли кутубхоналар, яъни электрон кутуб-хоналарда янги технологияларни такомиллаштириш, меҳнат унумдорлигини ошириш мақсадида компьютерлар Интернет ва «Ziyo-NET» тармоқларига уланган бўлиб, фойдаланувчилар ушбу тармоқлардан унумли фойдаланишмоқда.

Буларнинг натижасида фойдаланувчига ва ходимларга қулай шароитлар яратилди ҳамда бугунги фойдаланувчи қуйидагиларга эришди:

– ахборот-кутубхона марказидаги нафақат босма асарлардан, балки электрон шаклдаги ахборотлар, электрон китоблар, мультимедиа маҳсулотларидан фойдаланиш;

– ўзига керакли ахборотни электрон қидирув дастури ёрдамида тез ва қулай топиш;

– Интернет орқали хорижий илмий-таълим электрон базаларидан фойдаланиш имкониятларига эга бўлдилар.

Ҳозирга кунда АКМда 7 та бўлим ва 4 та сектор фаолият олиб бормоқда.

Жумладан:

1. Адабиётларни бутлаш, жамлама ҳисобга ва рўйхатга олиш бўлими.

2. Ҳужжатларга ишлов бериш ва каталоглаштириш бўлими.

3. Адабиётларни сақлаш бўлими.

4. Хизмат кўрсатиш бўлими.

5. Маълумотнома-библиография бўлими.

6. Ахборот технологиялари бўлими.

7. Илмий-услубият бўлими.

Секторлар:

1.Ўқув зали сектори.

2. Ёшлар билан маънавий-маърифий ишлаш сектори.

3. Электрон ўқув зали сектори.

4.Йиғма электрон каталог сектори.

Марказ жамғармаси ҳар йили фойдаланувчиларнинг талабларига асосан камида 500 – 600 номдаги адабиёт ва 70 номдаги вақтли матбуот нашри билан таъминланади.

Ҳозирги кунга келиб, АКМ жамғармасида 26 200 номда 46 400 нусхадаги адабиётлар,

8 600 номда 8 700 нусха электрон нашр, 240 номда 3 142 нусхадаги журнал, 300 номда

42 100 нусхадаги газетага етди.

Вилоятимизда жами 97 та АРМ 559 та кутубхона фаолият олиб боради.

Шулардан:

– Олий таълим тизимига қарашли 2 та АРМ ва уларнинг 12 филиал АРМлари;

– Касб-ҳунар таълими бошқармасига қарашли 39 АРМ ва 40 кутубхоналар;

– Халқ таълимига қарашли 44 АРМ ва 495 кутубхоналар;

– Тиббиёт кутубхонаси 12 та;

– Марказий ҳарбий округга қарашли кутубхоналар 8 та;

– Маданият ва спорт ишлари бошқармасига қарашли 4 та кутубхона мавжуд.

 Ушбу кутубхоналар учун услубий марказ  – вилоят АКМ ҳисобланади.

 АКМда кутубхоначилар учун ўқув семинарлари, амалий-услубий машғулотлар, «Маҳорат» дарслари, «Компьютер саводхонлиги», «Адабиёт кунлари» каби малака ошириш дарслари ва машғулотлари ўтказиб келинади.

 Кутубхоналар ижтимоий жиҳатдан муҳим маскан бўлиб, улар жамиятдаги барча каттаю кичик аҳолига хизмат қилади, китобхонларнинг талаб ва таклифлари бўйича иш олиб боради. Вилоятимиз аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этади. Ана шу ёшларни ҳар томонлама етук қилиб тарбиялашда кутубхоналарнинг ўрни ҳам беқиёсдир.

INFOLIB, №4, 2016