Зумрад Аҳмедова,
Фарғона вилоят
ўлкашунослик
музейи илмий ходими

Ферганский областной краеведческий музей был основан 26 мая 1899 года.
В статье представлена информация о деятельности Ферганского областного краеведческого музея – одного из старейших музеев Узбекистана. Экспозиция музея насчитывает более 10 000 архелогических экспонатов: произведения декоративно-прикладного искусства, коллекции риштанской и гурумcapайской керамики, чеканка, ювелирные украшения, вышивка.
В музее также представлена большая коллекция живописи, куда входят произведения первых ферганских художников и заканчивая работами современных авторов.

Фарғона вилоят ўлкашунослик музейи Ўзбекистондаги энг кекса, қадимий музейлардан биридир. Ўзбекистон ҳудудида XIX аср охирларида фақат тўртта: Самарқанд (1874), Тошкент (1876), Ашхобод ва Янги Марғилон (ҳозирги Фарғона) музейларигина мавжуд бўлган.

Музейнинг ташкил этилиш тарихи қандай бўлган?

1894 йилнинг 16 октябрдан 17 ноябригача янги Марғилон (ҳозирги Фарғона) шаҳрида биринчи қишлоқ хўжалиги ва саноат кўргазмаси бўлиб ўтади. Айнан шу ҳодиса шаҳар илғор жамоатчилигида Янги Марғилонда Фарғона вилояти билан янада тўлароқ ва ҳар томонлама чуқур танишиш ҳамда ўлкани ўрганиш учун музей таъсис этиш таклифини туғдирди. Бу таклифга хайрихоҳлик билдирилди ва олий вилоят маъмурияти томонидан қўллаб-қувватланди.

Шу кўргазмадан қолган бир қисм коллекция, турли кишилар томонидан совға сифатида берилган айрим экспонатлар музейнинг ташкил этилиши учун асос бўлди.

Фарғона вилоят ҳарбий губернаторининг 1885 йил 2 ноябридаги буйруғига асосан музейга раҳбарлик қилиш ва янада тараққий эттириш бўйича махсус қўмита таъсис этилди ва губернатор уйининг иккинчи қаватдаги 4 та хонаси музей учун вақтинча ажратиб берилди.

1897 йилнинг 4 июлига келиб музейда 1200 дона экспонат ва китоблар мавжуд эди.

1899 йилнинг 26 май куни Фарғона вилоят халқ музейининг (унинг биринчи номи шундай эди) тантанали очилиши бўлиб ўтди. Бу вақтда музей 2 223 дона экспонат ва китоблар билан бойиган эди. Музей, одатда дам олиш ва байрам кунлари очиқ бўлган ёки вилоятга келган нуфузли меҳмонлар учун махсус очилар эди.

У Қишлоқ хўжалиги, Саноат, Табиий-тарихий, Антропология ва этнография, Археология, Нумизматика, Умумтаълим бўлимлари ва кутубхонадан иборат бўлган.

Музей аввалига фақат ихтиёрий – эҳсон ва комитет аъзоларининг бадаллари ҳисобига фаолият кўрсатган. 1900 йилга келиб, унинг коллекцияси 1 000 дан ортиқ экспонатга бойиди.

1901 йилдаги ҳисоботда музей ўзининг жамғармасидаги фотосуратлари билан 1-Туркистон Кўчма фотосуратлар кўргазмасида ва 1900 йилда Париж Бутунжаҳон кўргазмасининг Туркистон бўлимида этнография, табиий-тарихий ва саноатга оид коллекциялари билан иштирок этилганлиги айтилган.

1911 йилда шахсий хайрияларнинг кескин камайиши муносабати билан музей ёпилган.

1920 йилда қайтадан очилган музейнинг мақсад ва вазифаси ҳам бутунлай ўзгарди. Музейнинг номи эса, «Фарғона шаҳар илмий музейи» деб аталди. Музейга собиқ қишлоқ хўжалик жамиятининг биноси берилган. 1920 йилдан 1984 йилгача музей ушбу бинода иш фаолиятини давом эттирган.

1922 – 1927 йилларда музейда қишлоқ хў-жалик ва ҳунармандчилик, нумизматика, табиий-тарихий, этнография бўлимлари мавжуд бўлган.

1928 йилда эса янги – қадимшунослик бўлими очилди.

1938 йилдан музей «Вилоят ўлкашунослик музейи» сифатида фаолият кўрсата бошлади. Бу вақтга келиб музей кириш, табиат, тарих бўлимларига эга эди.

Музей иккинчи жаҳон уруши йилларида ўз фаолиятини янада кучайтирди, унинг ходимлари фарғоналикларнинг фронтдаги каҳрамона жасоратлари ва фронт орқасидаги фидокорона меҳнати тўғрисидаги ҳужжатлар билан янада бойитилган.

1950 – 1970 йилларда музей янада шаклланган. 1950 йилларнинг бошларида музей археологик ишларни олиб боришга астойдил киришди. Биргина 1951 йилдан 1956 йилгача музей фондларига 2731 археологик буюмлар билан тўлдирилди, ваҳоланки, музей очилган пайтда унинг фондларида фақатгина икки дона археологик буюм мавжуд эди, холос. Ҳозирги вақтда музейнинг археология фонди Фарғона водийсидаги энг бой коллекциялардан биридир. Бу ерда 8 мингдан ортиқ архелогик экспонатлар сақланади.

Улар тош давридаги меҳнат қуроллари, қабрлар ва археологик текширишлар ўтказилган жойлардан топилган кулолчилик ва бронза буюмлари, шунингдек, водий ҳудудидан топилган бошқа кўплаб археологик экспонатлардан иборатдир.

1985 йилдан музей янги замонавий махсус қурилган бинода фаолият кўрсатмоқда. Музейда ўлка табиати ва Фарғона водийси тарихининг ХХ аср бошларига қадар бўлган даврни акс эттирувчи экспозиция мавжуд. Бу экспозициялар тарих ва маданиятимизнинг асл ёдгорликлари кўргазмаси бўлиб, уларда замонавий диорамалардан фойдаланилган. Экспозициялардан ташқари, қатор кўргазмалар мавжуд.

Аҳоли билан ишлаш ҳам яхши йўлга қўйилган. Музей ҳар йили 90 мингдан зиёд томошабинга хизмат кўрсатади. Бундан ташқари, илмий-услубий, амалий, саёҳат ташкил этиш ишлари билан ҳам келувчиларга яқиндан ёрдам кўрсатилади. Музей мактаб ўқувчилари, талабалар, илмий-тадқиқотчилар учун севимли масканга айланган.

Ҳозирги кунда Фарғона вилоят ўлкашунослик музейи уч қаватли замонавий бинода жойлашган бўлиб, алоҳида фондхоналарга ажратилган. Улар замонавий талабларга жавоб беради ва керакли жиҳозлар билан таъминланган. Шунингдек, музейда илмий-тадқиқот, маданий-маърифий ишлар ва маърузалар ўтиш учун ҳам шароитлар мавжуд.

 Музейда кутубхона ҳам фаолият кўрсатади. Унинг фонди 12 700 нусхадан ортиқ китобдан иборат бўлиб, улар орасида ўзбек ва рус тилларидаги китоблар асосий қисмни ташкил этади. Мазкур китоблар ўлка тарихи, табиати, санъати ва маданиятига оид бўлиб-гина қолмасдан, бошқа турли мавзулардаги, жумладан, ижтимоий-сиёсий мавзуга доир китоблар ҳам талайгина.

Фарғона вилоят ўлкашунослик музейи илмий ходимлари Япония, Англия, Италия ва Украинанинг илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликда 4 та халқаро экспедицияда иштирок этдилар.

Фарғона вилоят ўлкашунослик музейи заҳирахоналарида барча даврларга мансуб экспонатларнинг бой коллекцияси йиғилган. Умумий ҳисобда музей экспонатларининг сони 90 мингдан ортиқ бўлиб, улардан 700 дан ортиқ экспонатлар ноёб экспонатлар жумласига киради. Буларни археологик, нумизматик, этнографик, амалий санъат, тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик намуналари, қўлёзма ва қурол-аслаҳалар ташкил этади.

Масалан, археологик экспонатлар жумласига қадимги сак қозони ва билагузуги, Чуст маданиятига доир топилмалар, Оқтом ва Кўк-тош дафинаси, қадимги тақинчоқлар, ўрта асрга оид кулолчилик ва шиша буюмлар намуналари, темирчилик ва мисгарликка хос экспонатлар ўрин олган. Ҳозирги вақтда музейнинг нумизматика коллекциясида эрамизнинг II – I асрлар ва эрамиз бошларига мансуб Салавкий ва Кушонлар даврининг тангалари, илк ўрта асрларга оид Византия тангалари, VII – VIII асрлардаги Турк хоқонларининг тангалари, Бухорхудотларнинг дирҳамлари, Аббосийлар халифалиги даврида муомалага киритилган тангалар, Сомонийлар, Корахонийлар, Темурийлар, Бухоро амирлиги ва Қўқон хонлари томонидан зарб этилган кумуш, бронза, мис тангалар мавжуд.

Музейнинг қўлёзма ва ҳужжатлар коллекциясининг нодир намуналари сифатида XV асрда ёзилган ер тўғрисидаги васиқа, Қўқон хонларидан Мадалихон, Шералихон ва Худоёрхонлар томонидан берилган ёрлиқлар, Худоёрхоннинг Қуръон китоби, шариат масалаларига доир «Ал-Ҳидоя», «Мухтасар ул-виқоя» китоблари ёки Ҳофиз Шерозий, Абду-раҳмон Жомий, Алишер Навоий, Фузулий, Бедил ва шунингдек бошқа маҳаллий шоирлар ижодига мансуб қўлёзма асарларини санаб ўтишимиз мумкин. XIX аср охири XX аср бошларидаги Фарғона вилоятининг статистик обзорлари ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Сопол буюмлар коллекциясида бугунга келиб, унда 4 мингдан ортиқ сопол ва чинни буюмлар мавжуд. Жумладан, XVIII – XX асрга оид Риштон, Ғурумсарой кулолчилик мактаби, сопол буюмларининг нодир намуналари сақланади.

Металл экспонатлар коллекциясидан Темурийлар давридан ҳозирги кунгача бўлган даврларга мансуб металл (асосон бронза ва мис) экспонатлар ўрин олган. Уларнинг аксарияти маҳаллий мисгарлик мактаби вакиллари (Қўқон, Марғилон, Тошкент) томонидан XIX – XX асрларда ишланган анъанавий услубдаги мис буюмлардир.

Музейдаги ёғоч экспонатлар коллекция-сида XIX аср ва XX аср бошларига оид ёғоч-соз усталари томонидан ишланган кўплаб экспонатлар бор.

Мато экспонатлар коллекциясининг негизини XIX асрга оид миллий-анъанавий кийимлар ташкил этади. Шунингдек, XIX асрга оид каштачилик, читгарлик, ипак маҳсулоти намуналари ёки кейинроқ фабрикада тикилган замонавий кийимлар, «Ёдгорлик» тўқимачилик фабрикасида тўқилган ипак матолар, давлат арбоблари, таниқли санъат намоёндалари ва бошқа тарихий шахсларга тегишли кийим ва буюмлар мавжуд.

Музейнинг заргарлик буюмлари коллекциясида 500 дан ортиқ заргарлик буюмлари мавжуд. Улар, асосан, кумушдан ишланиб феруза, маржон, дур каби қимматбаҳо тошлар билан безатилган. Буларнинг асосий қисми Тошкент, Қўқон ва Марғилоннинг моҳир заргарлари томонидан ишланган.

Музейнинг тасвирий санъат ва ҳайкалтарошлик коллекцияси музей дурдонаси ҳисобланади. Булар орасида XIX асрда яшаб ижод қилган таниқли фарғоналик рассомларининг асарлари, шунингдек ҳозирги кунда ўз асарлари билан элга танилаётган рассомларнинг ижодий намуналари ўрин олган. Ўтган асрнинг 70 йилларига келиб, ушбу коллекциядан гобеленлар ҳам ўрин ола бошлади. Ҳозирги кунга келиб бу коллекцияда 1 000 ортиқ тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик ва гобелен асарлари сақланади.

Вилоят ўлкашунослик музейининг 6 та тармоғи мавжуд: Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий мемориал музейи, Усмон Юсупов мемориал музейи, Ўзбекистон туман тарихи музейи, Марғилон шаҳар тарихи ва Увайсий уй музейи, Олтиариқ туман тарих музейи Фарғона вилоят ўлкашунослик музейининг филиалларидир.

Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий мемориал музейи 1957 йилда ташкил топган бўлиб, 1989 йилдан замонавий бинода фаолият кўрсатади. Музей экспозициясида экспонатлар Фарғона водийсининг энг сўлим ва хушманзара масканларидан бири бўлган Шоҳимардон қишлоғининг тарихи, шунингдек, мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар ҳақида атрофлича ҳикоя қилади. Музей жамғармасида 500 дан ортиқ экспонат мавжуд бўлиб, улар тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик, халқ амалий санъати, этнография, қўлёзма-китоблар, фотосурат ва ҳужжатлардан иборат.

Ўзбекистон туман тарихи музейи 1984 йилда ташкил этилган. Музей туманнинг маданият ва истироҳат боғида жойлашган. Музей экспозициясидаги экспонатлар Ўзбекистон туман тарихи, мустақиллик йилларида эришилган муваффақиятларга оид. Экспозицияда туманнинг ташкил этилиши, ривожланиши XIX асрга оид мис буюмлар, кулолчилик буюмлари, этнографияга доир экспонатлар орқали акс эттирилган.

Музей жамғармасида 650 дан ортиқ экспонат мавжуд бўлиб, улар археология, этнография, тасвирий санъат, халқ амалий санъати, нумизматика, фотосурат ва ҳужжатлардан иборат.

Олтиариқ туман тарихи музейи 1996 йилда ташкил этилган бўлиб, туманнинг Марказий майдонида жойлашган. Экспозиция қадимги даврдан бошлаб бугунги кунгача бўлган даврни ўз ичига олиб, эрамизнинг I – IV асрларига мансуб бўлган Зурайк момо манзилгоҳидан топилган ноёб археологик топилмалар, шунингдек, XIX асрга оид мис, кулолчилик буюмлари, этнография, нумизматика, фотосуратлар, ҳужжатлар ёрдамида ҳикоя қилади.

Музей жамғармасида 5 655 та экспонат мавжуд.

Марғилон шаҳар тарихи музейи 2007 йилда ташкил этилган бўлиб, шаҳарнинг Озодлик майдонида жойлашган. Музей биноси икки қаватдан иборат бўлиб, биринчи қаватда Марғилон қадимий шаҳарлардан бўлганлиги сабабли, музей экспозицияси тош асрдаги, ўрта асрдаги ҳамда XIX асрдаги Марғилон ҳақида ҳикоя қилади. Иккинчи қаватдаги экспозиция эса тасвирий санъат асарларини намойиш этиб, Марғилонлик ҳамда фарғоналик рассомлар ижодидан намуналар ўрин олган. Музей жамғармасида тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик, халқ амалий санъати, нумизматика, этнография, тарихий ҳужжатлар, фотосуратларга оид 5 439 та экспонат мавжуд.

Увайсий уй-музейи 2007 йилда ташкил этилган бўлиб, Марғилонлик шоира Жаҳон отин Увайсий (XIX аср) туғилиб яшаган хонадонда жойлашган. Музей миллий услубда қурилган бўлиб, ёғоч ва ганч ўймакорлик билан безатилган бир қаватли бинода жойлашган. Уй олдидаги айвон ўймакор устунлар билан безатилган.

Асосий экспозиция кўргазма залида буюк шоиранинг ижодий мероси билан танишиш мумкин. Экспозициядан Увайсининг шахсий буюмлари, Бедил, Фузулий ва бошқа мумтоз адабиёт вакилларининг қўлёзма асарлари ўрин олган. Шунингдек, архив ҳужжатлари, фотоҳужжатлар, журнал ва газеталардан иборат бўлган экспонатлар намойиш этилган.

Музейда ҳаммаси бўлиб 460 та экспонат мавжуд.

INFOLIB, №4, 2016