(Ўзбекистон давлат мукофоти лауреати филология фанлари доктори, профессор,   Умарали Норматов билан суҳбат)

Яқинда муҳтарам юртбошимиз «Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида»ги фармонига имзо чекдилар. Бу мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллик шодиёналари олдидан халқимиз маънавий оламида катта қувончли воқеа бўлди. Бу, айниқса, она тили ва адабиётни ўрганишга умрини бағишлаган, сўз санъатини чуқур тушунган филологлар, педагоглар, ёзувчи ва шоирлар, журналистлар учун алоҳида байрамдир. Чунки тилимиз бойлигини, унинг нодир ижодий хазиналарини ўрганиш ва уларни келажак авлодга етказиш маънавиятимиз эртасини таъминловчи катта кучдир. Шу муносабат билан журналимизнинг бу сонида самимий ва жафокаш устоз, моҳир педагог, профессор, филология фанлари доктори, танқидчи ва адабиётшунос Умарали Норматовни суҳбатга тортдик. Устоз  1931 йил 3 январда Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги Рапқон қишлоғида туғилган. Устознинг адабиётга меҳр қўйишида гўзал Фарғона водийси, айниқса,  Рапқон қишлоғининг меҳри дарё одамлари, бетакрор табиати катта таъсир ўтказган. Устоз Тошкент Давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) филология факультетида (1952–1957), сўнг аспирантурасида (1959 – 1962) таълим олди. 1962 йилдан Миллий университет ўзбек адабиёти кафедрасида ишлайди. 1974 – 2000 йиллари мазкур даргоҳдаги ўзбек адабиёти кафедрасига мудирлик қилди. Бу йиллари кафедрада Озод Шарафиддинов, Аҳмад Алиев, Абдуғафур Расулов, Норбой Худойберганов, Санжар Содиқов, Баҳодир Каримов, Абдулла Улуғов, Раҳмон Қўчқоров, Дилмурод Қуронов сингари истеъдодли мунаққид-адабиётшунослардан иборат илмий жамоа билан бақамти фаолият олиб борди. Умарали  Норматов 500 дан ортиқ мақолалар, 50 га яқин адабий-танқидий асарлар, дарслик, ўкув қўлланмалар чоп эттирди. Устознинг «Насримиз уфқлари» (1974), «Етуклик» (1982), «Қалб инқилоби» (1986), «Қоди-рий боғи» (1996) , «Ижодкорнинг ҳароратли сўзи» (2015) китоблари замонавий ўзбек адабиётшунослигининг ютуғи сифатида адабий жамоатчилик томонидан эътироф этилди. Асарлари рус, турк, тожик тилларида нашр этилган. Унинг адабиётшунослик, таълим-тарбия соҳасидаги хизматлари Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби (1981), Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1989); Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси нишони (1992) каби нуфузли мукофотлар билан тақдирланган.

Миллий кутубхонаси… Бу сўзни эшитишим билан беғубор ёшлик хотиралари қалбимни тўлқинлантириб юборади. Чунки ёшлигимнинг энг қизғин, энг қадрли, энг қимматли даврлари мана шу кутубхонада ўтган. Тошкентдек улкан шаҳарга келиб биринчи кўрган зиё масканим ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Асосий кутубхонаси бўлса, иккинчиси Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасидир. Бу ерда сақланаётган улкан китоб хазинасини  бутун дунёга намуна қилиб кўрсатсак арзийди. Бу маскан ҳеч бир жаҳон кутубхоналаридан қолишмайди. Юртбошимиз томонидан бу кутубхонага муҳташам ва замонавий бино қуриб берилганлиги кутубхона тарихида улкан воқеа бўлди деб айта оламиз. Бу мен каби юртимизнинг миллионлаб китобхонларини чексиз қувонтирди.

Яқинда яна бир қувончли хабар дилларимизга чексиз қувонч, бахт улашди. Яъни юртбошимиз Ислом Каримов «Алишер Навоий но-мидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида»ги фармонига имзо чекди. Ўша фармонни газетадан рафиқам ўқиб берар экан, ишонасизми, кўзларимдан севинч ёшларини тўхтатолмадим. Бу ўзбек адабиёти учун, тили, унинг истиқболи учун қилинган улкан воқеа бўлди. Жуда катта, жуда улуғ иш. Бу кўп ўтмай сезиларли таъсирини кўрсатади. Бу маскан таркибига Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси ва Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультетлари ҳамда Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти, Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи бирлашаётгани у ерда таҳсил олувчиларга қандай кенг йўл очишини тасаввур қилиб, тўлқинланиб кетяпман. Ахир,  бу бизнинг бутун умрлик орзуйимиз эди. Қанийди, мен ҳам шу даргоҳнинг илк курсига қабул қилинган ўқувчиларига бир маъруза ўқисам, деб қолдим шу топда. Бу  – табиий. Агар шундай имконият берилса, ўзимни чексиз бахтиёр ҳис қилардим. Она тилимиз ва адабиётимизга қанча кўп эътибор қилсак, у шунча кўп бўй кўрсатаверади, маънавиятини бойитаверади. Чунки адабиёти-миз олис ва бой тил тарихига, нодир, буюк адабиётига эга. Унинг нури бутун оламни чароғон қилишга ишонаман.

Ҳозирги кунларни кўриб минг бор шукроналик келтираман. Биз қандай оғир ва мураккаб кунларни бошдан кечирмадик. Болаликнинг энг гуллаган даврлари айнан шундай машаққатли йилларга тўғри келди. Урушдан кейинги оғир пайтларда дарслик, китоб, дафтар-қалам етишмасди. Муаллимларимиз 45 дақиқалик дарсни билганларича гапириб ўтказишади. Ҳамма таҳликада, ҳаёт учун кураш борарди. Лекин биз бир он бўлса-да, орзу қилишдан тўхтамадик. Ниятни улуғ қилдик.

Менинг адабиётга қизиқишимда ота-онамнинг ҳиссаси катта бўлган. Уларнинг меҳри, тарбияси мени ўз устимда ишлашга куч берган. Дадамни «Нормат қори» ёки «Қори ака» дейишарди. Қўқон мадрасаларида таълим олган, араб, форс тилларини пухта эгаллаган, Саъдий, Ҳофиз, Навоий, Фузулий, Бедил, Машраб асарларининг мухлиси эдилар. Қуръони Карим оятлари, пайғамбаримиз ҳадислари, Саъдий ҳикматлари, Бедил рубоийлари мағзини чақиб, соатлаб гапирардилар. Уйимиз токчаларида «Туркистон вилоятининг газети», «Турон», «Янги Фарғона» тахламлари 50-йилларга қадар ҳам сақланган. Шу ўринда китобнинг қадри ҳақида бир ёдномани эслатмоқчиман. Болалигимда отам ҳақида бир ҳазил гап қишлоқда юрарди. Кейинчалик бу ҳазил гапдан қанчалик фахрланганлигимни билсангиз эди. Яъни Турдиали бойнинг эркатой кенжаси, китоб жинниси Нормат қори Саъдийнинг «Гулистон»ига ўзи миниб Қўқонга қатнайдиган баҳоси йўқ қорабайирни алмаштириб юборибди. Бу ҳақда қариндошлар кулиб ҳикоя қилишар эди. Лекин бу китобнинг шайдоси кўп эди. Бир саҳифанинг ўзида ҳам форсча, ҳам туркий-ўзбекча матн жойлашган чарм муқовали бу нодир китоб таниш-билишлар орасида яқин-яқинларда ҳам қўлдан-қўлга ўтиб ўқиларди. Онам Сорабиби Яссавий, Сўфи Оллоёр, Фузулий китобларини шундай бир нурли ва ҳазин оҳангда ўқир эдиларки, уларни ички бир шавқ, кўнгилда ажиб бир мунг билан тинглардим. Аҳмад қозининг ўғли, ўтган асрнинг ўнинчи йилларида жадид усулидаги мактаб муаллими сифатида шуҳрат топган тоғам Мулла Маҳмуд (Фарғонанинг Рапқон қишлоғидаги тарих музейида бу одамнинг фотосурати бор) менга бир ҳафтанинг ичида араб ёзувини ўргатганлар. Тез орада уйимиздаги китобларни бемалол ўқийдиган бўлдим. Айниқса, Иброҳим Адҳам, Машраб қиссаларини берилиб мутолаа қила бошладим. Ўзим ҳам Машрабга тақлидан «Умар» тахаллуси билан ғазаллар битишга тушдим. Ўша ишқий ғазаллар битилган дафтарни гоҳо фарзандларим, набираларим қўлида кўриб қоламан. Улар ҳазил қилиб: «Ўзлари ҳам Машраб бўлган эканлар-ку», деб қўйишади.

Кунларнинг бирида адабиёт муаллимимиз синфга янги китобча кўтариб кирдилар. Толстойнинг «Кавказ асири» ҳикоясини ўқий бошладилар. Ҳикояни тинглаб, лол бўлиб қолдим. Бу асар мен шу пайтгача танишган, ўқиган китобларга мутлақо ўхшамас эди, у мени тамомила бошқа бир оламга олиб киргандай бўлди. Бир неча кун ўзимга келолмай юрдим, нуқул ҳикоя қаҳрамонлари Жилин, Костилин, Дина билан ўша тоғ овули одамлари орасида юргандай бўлдим… Мен бу ҳикояни ҳозирга қадар қўлга олишдан чўчийман, қайта ўқишга ботина олмайман, ўша болаликдаги – ҳикоя билан илк танишувдаги мислсиз таассурот бузилиб қолмаса деб қўрқаман. Кейинроқ, Миркарим Осимнинг «Ўтрор»и, Ойбекнинг «Қутлуғ қон»и, уруш йиллари ватан қаҳрамони Аҳмаджон Шукуров билан уйимизда меҳмон бўлган Абдулла Қаҳҳор ҳикоялари, борингки, ўтган асрнинг қирқинчи йилларида ўзбекчада чиққан жамики бадиий асарлар билан танишдим. Ҳозир ўйлайман, агар мен бу китобларни ўқимаганимда филолог бўлишни тасаввур ҳам қила олмасдим.

Ярим асрдан буён ўзим суйган шу адабиёт ичидаман, унинг табаррук хизматидаман. Бу орада номзодлик, докторлик илмий даражаларини қозондим, доцентлик, профессорлик унвонлари берилди. Лекин бир он бўлсада, изланишдан тўхтамадим. Ҳозир ҳам чинакам санъат асарини ўқиганимда, томоша қилганимда ҳайратдан ўзимда йўқ яйрайман. Кўнглимда шу соҳага майл, меҳр уйғотгани, ризқимни шу соҳада бергани учун Яратганга шукроналар айтаман.

Салкам етмиш йилдан бери, даставвал, адабиёт шайдоси бўлиб, адабиёт бўйича таълим олиб, сўнг филолог-адабиётшунос, мунаққид сифатида адабий давраларда юриб, адабиёт ҳақида бетиним ўй суриб, у-бу нарсалар битиб, талабаларга дарс бериб сўз санъати инсоният яратган, аниқроғи, Оллоҳ бандалари инъом этган ноёб неъмат, сирли-сеҳрли хилқат эканига такрор-такрор иқрор бўламан. Санъатнинг бошқа турларини асло камситмаган ҳолда, бадиий адабиётнинг имкониятлари беқиёсдир, десам муболаға бўлмас. Масалан, ранг-тасвир, архитектура, мусиқа, кино бажариши мумкин бўлган вазифаларни ёзувчи, шоир сўз санъати орқали адо этавериши мумкин. Санъат асари яратиш учун кўпдан-кўп ашё, асбоб-ускуналар керак. Электр энергияси бўлмаса, кино – ҳеч нарса. Бадиий ижод учун эса, қалам билан қоғоз бўлса бас. Ҳатто улар бўлмаганида, оғзаки тарзда ҳам яратилаверади. Бадиий ижод ана шунақа ноёб хилқат… Уни ардоқламай бўладими, ахир! Инсон фаолиятидаги ҳеч қайси соҳа адабиётчалик сир-синоатга бой эмас. Бундан ташқари, инсон фаолиятига оид соҳалар ичида сўз санъатидек тутқич бермайдигани, қолипга, қоидага тушмайдигани топилмаса керак. Жаҳондаги ҳар бир улкан ижодкор – буюк, асар ўзича бир дунё; янги асари билан ижодкор ҳар гал янгича йўл, усул, қоидалар кашф этади. Бунинг устига, ижодкор шахсиятидек сирли, ажабтовур хилқат бошқа соҳа кишиларида топилмайди. Оллоҳ инсон зотига хос жамики кучли ва заиф, зиддиятли, мўъжизакор сифатларни мужассам этиш учун ёзувчилик истеъдодини, шоиру ёзувчиларни яратган бўлса, ажаб эмас. Ўзингиз ўйлаб кўринг, Оллоҳ ўзининг мислсиз қудратини намоён этиш учун бу ёруғ оламни, коинот жавҳари саналмиш инсонни яратган. Қарангки, ёзувчи-санъаткор балки Оллоҳнинг шу яратувчилик сифатига тақлидан сўз орқали инсонни, тўғрироғи, инсон тимсолини яратишга журъат этади.

Абдулла Қодирийдек биргина мислсиз истеъдод соҳиби яратган бадиий кашфиётларни эслайлик. Юсуфбек ҳожи, Ўзбек ойим, Отабек, Кумуш, Зайнаб, Анвар, Раъно, Солиҳ маҳдум сингари тирик жонларни – ўзбекнинг ранг-баранг табиатли фарзандлари сиймосини айни тирик одамлар каби гавдалантириш чинданда мўъжиза, ахир! Адабиёт илми бадиий истеъдод табиати, ижодкор шахси, ижод психологияси бобида ҳали дурустроқ иш қилгани йўқ. Инсоният ҳали улкан истеъдодлар хизматини муносиб қадрлаш даражасига кўтарилгани йўқ. Биз ҳали чинакам истеъдод соҳиблари билан бу соҳага даъвогар тамагир, ҳаваскор ҳунармандларнинг фарқига етолганимиз йўқ. Тақдир мени XX асрнинг бир қатор моҳир сўз усталари билан танишиш, мулоқотда бўлиш, ҳатто яқиндан дўстулфат тутиниш бахтига муяссар этди…

Ўтган аср бошларида, кўп асрлик адабиётимиз туб янгиланиш йўлига кирган кезлари «Адабиёт надир?», «Театр надир?» деган саволлар қатори, «Танқид надир?» деган масала ҳам кўндаланг қўйилди. Шунда, тараққийпарвар ижод аҳли вакилларидан бири, ўзбек жадидларининг отаси Беҳбудий адабий танқид ҳақидаги мақоласида ҳаёт-мамот аҳамиятига молик саволга жавоб ахтариб «танқид – сараламоқдир» деган оқилона жавоб топди. Дарҳақиқат, адабий танқиднинг бош вазифаси, асл функцияси адабий жараённи синчиклаб кузатиб, билимдонлик, нозик дид, фаросат, бундан ҳам муҳими, холислик билан ёндашиб, ундаги, яъни катта оқимдаги хас-ҳашаклар орасидан чинакам бадиий кашфиётларни, чин истеъдодларни топа билиш, кашф этиш, уларга одилона баҳо бериш, чин асарларнинг чин нафосати, асл моҳиятини очиб беришдан иборат экани ўша кезлардаёқ аён эди. Миллий танқидчилигимизнинг илк босқичида Вадуд Маҳмуд, Чўлпон, Абдулла Қодирий ва Ойбеклар айни шу йўлдан бордилар…

Афсус, минг афсус, тоталитар тузум ҳамма жабҳани, жумладан, адабиётга раҳнамоликни қўлга олганидан кейин бу хайрли тамойил барбод бўлди, танқид майдонида қиёмат қўпди. Улкан миллий уйғониш туфайли қад ростлай бошлаган соғлом адабий жараёнда пайдо бўлган ҳар бир ёрқин истеъдод, чин бадиий кашфиёт дейишга арзигулик ҳар бир асар, Абдулла Қаҳҳор сўзлари билан айтганда, найза кўтариб қарши олинди; Чўлпон, Қодирий, Фитратлар қисмати, Чўлпон шеърияти, «Ўткан кунлар», Фитрат драмалари, «Сароб», «Қутлуғ қон», «Навоий», «Жалолиддин», «Қўшчинор», кейинроқ «Тобутдан товуш», «Юлдузли тунлар» теварагида кечган машъум машмашалар, адабий жаҳолат, тўғридан-тўғри демагогиядан иборат компаниялар яқин кечмишимизнинг энг кирлик – қора кунлари тарзида тарихда қолди.

Истиқлол йилларида кўп хайрли ишлар қатори, бу жабҳадаги хатоликлар бартараф этилди, адолат тикланди. Танқидчиликда демагогияга йўл очадиган мустабид мафкура, адабий сиёсатнинг илдизи қирқилди.

Ҳамкасбларимга оғир ботса ҳам, бир гапни дангал айтай: танқид адабий жараёндан ортда қоляпти. Сўраб, суриштиришлар шундан далолат бераётирки, кейинги ўн йил ичида, жаҳон адабиётини қўя турайлик, ўзимизда эълон этилган асарларни тўла-тўкис ўқиб, кузатиб борган бирорта ҳам мунаққидни тополмайсиз. Бир вақтлар шахсан ўзим адаби-ётимиздаги бирорта асарни ҳам эътибордан четда қолдирмай кузатиб, ўқиб борардим. Ҳозир ҳам имкон борича ҳаракат қиламан, аммо ҳаммасига улгуролмайман. Эҳтимол, шу ёшда мен учун бу ҳол узрлидир, аммо ёшроқ мунаққидларни бу борада асло кечириб бўлмайди. Танқид майдонида турган, ўзини мунаққид сановчи азамат учун бу машаққатли юмуш мажбурийдир. Адабиёт дарёсида ғаввос каби сузмай, оқимдаги ҳамма нарсалардан яхши хабардор бўлмай туриб, уни саралаш асло мумкин эмас. Афсус, минг афсус, соҳилда туриб олиб оқим хусусида хаёлан, тахминан ҳукм чиқаришга уринишлар, нолишлар кўзга ташланаяпти. Бир вақтлар улуғ бир рус адиби афсуснадомат билан яхши мунаққидларнинг эътиборсизлиги, ҳафсаласизлиги туфайли қанчадан-қанча ноёб истеъдодлар, бадиий кашфиётлар эл назаридан четда қолиб кетаётганини айтган эди.

Сир эмас, бугунги адабиётимизда жиддий жонланиш, кўтарилиш жараёни кетяпти, бу ҳол барча адабий авлод вакилларига хос, шу билан баробар, миллий адабиётимиз даргоҳига янги бир навқирон авлод шитоб билан кириб келаётгани қувонарли ҳол. Бугун мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллик тўйини нишонлаш олдида турар эканмиз, бу улуғ сана билан барча юртдошларимни чин дилдан табриклайман. Айни пайтда мустақиллигимизнинг йигирма бешга кирган ёшлари қандай ижод қилаётганлиги, нималарни ўйлаб, нималарни ёзаётганларига, қандай китобларни ўқиётганига жуда қизиқаман. Мен уларга катта умид билан қарайман. Ажойиб шоир-шоиралар, ёзувчилар халқимиз орасидан етишиб чиқаверади. Мен бунга ишонаман. Чунки буюк адабиёти бор юртнинг келажаги ҳам буюкдир.

Суҳбатни Шукур Қурбон,

 Жавлон Жовлиев ёзиб олди.

INFOLIB, №2, 2016