(Филология фанлари номзоди, «дўстлик» ордени соҳиби Омонулла Мадаев билан суҳбат)

Ҳар бир бола мактабга қадам қўяр экан, унинг қизиқиб қўлига олган китобларидан бири адабиёт дарслигидир. Чунки болалар руҳияти адабиёт руҳига, унинг нурига яқинроқ. Адабиёт инсон кўнглининг манзараси, унинг мўъжаз тасвири ҳамдир. Болалар жарангдор овози ила шеър ёдлаганда, қўшиқ куйлаганда ҳам адабиётнинг  жилоси, сеҳри акс этади. Умуман олганда, унинг қалбига йўл очувчи, дилини маънога тўлдирувчи фан ҳам, сўзсиз, адабиётдир. Бугунги журналимиз меҳмони ҳам бу ҳақда шундай дейди: «Умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларидаги ҳамма курсларнинг адабиёт машғулотлари «Бадиий адабиёт – сўз санъати» мавзуси билан бошланади. Адабиёт ва уни ўқитиш орқали бадиий адабиётнинг моҳияти, унинг табиати, ўзига хос белгиларидан маълумот олиш кейинчалик ёш авлодни сўз санъатига бўлган қизиқиш даражасини белгилашда катта аҳамиятга эга  ҳисобланади». Ҳа, албатта, адабиётга яқин бола, одобга, маънога яқин бўлади. Унинг фикрлари теран, дунёқараши кенг, қалби тиниқ бўлади. Бунда адабиёт ўқитувчиларининг ўрни жуда муҳимдир. Чунки улар таратган зиё орқали болалар адабиёт мўъжизасидан тўлароқ баҳраманд бўлишлари мумкин. Уларнинг самимияти ва фидойилиги туфайли адабиётга меҳр қўйишлари  орқали ўз ҳаётини ёритишади. Худди шундай, бутун умрини адабиётга, адабиёт тарғиботига, у орқали ёшларни тарбиялашга бағишлаган устозлардан бири, филология фанлари номзоди, «Дўстлик» ордени соҳиби, моҳир педагог ва олим Омонулла Мадаевдир. Устоз Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаларига берган дарслари, ойнаи жаҳон орқали чиқишлари, вақтли матбуот саҳифаларида эълон қилинган мақолалари, илмий ва оммабоп рисолалари, тўплам  ва китобларида маънавиятимизнинг энг муҳим муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари тўғрисида куйинчаклик билан, далил ва исботлар орқали, таъсирчан ва теран мушоҳада юритадилар. Омонулла Мадаев ҳаёти ва ижодига чизгилар қилиш умидида бу йил 75 баҳорни қаршилагувчи Устоз хонадонига ташриф буюрдик. Сизга фидойи устоз, филология фанлари номзоди Омонулла Мадаев билан қилган камтарона суҳбатимизни ҳавола этамиз.

Омонулла Мадаев бутун умрини адабиётга, хусусан, халқимизнинг бой санъати – халқ оғзаки ижодига бағишлади. Сўз санъати ҳақида устоз шундай дейди: «Ота-боболаримизнинг айтмоқчи бўлган панд-насиҳатлари, эл эъзозлаган бўлишнинг талаб ва қоидалари, Тўмарис, Широқ, Алп Эртўнга, Жалолид-дин Мангуберди, Темур Малик каби ажойиб юрт фарзандларининг ботирликлари, халқи-мизнинг урф-одатлари, миллий фазилатларимиз санъат даражасига кўтарилган сўз тизимларидан иборат мақол, қўшиқ, эртак, достон, боболарга бағишланган асарлар ва бошқа намуналарида ифодасини топган». Тарих ва унда акс этган халқ маънавиятининг энг улуғ бойликларидан бири ҳам, бу халқ оғзаки ижодидир. Бу санъатни, унинг моҳиятини ёшларга етказиш ватан тарихи, аждодлар мероси, хазинаси билан уларни баҳраманд қилишдир. Бир воқеани устоз Омонулла Мадаев мамнуният билан эслайди. Бир вақтлар қўлида таҳсил олган ўқувчиси алламаҳалда эшик қоқиб келади ва устозига ташаккур билдиради. Бундан боши кўкка етган Омонулла ака, ўқувчисидаги катта ҳаяжоннинг сабабини сўрайди. Шогирд эса тўлқинланиб, хорижда юрганида халқ оғзаки ижодимиз, унинг бой мероси, Фозил Йўлдош ўғли, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Пўлкан, Ислом шоирлар ҳақида билимлари қўл келганлигини, бу унга ўзга юртларда чексиз ғурур бағишлагани ҳақида гапириб ўтиб, шундай дейди: «Уларга Абдулла Қодирийнинг қисматини ҳикоя қила-ман. Бизнинг маданиятимизга, Алишер Навоий, Бобурларга қойил қолишади. Сизнинг уйингизга келишимнинг бош сабаби – шу гапларни айтиш эди» – дейди. 

Энди ўзингиз ўйлаб кўринг. Ўқитувчи устоз меҳнатига бундан ортиқ мукофот бўлиши мумкинми?! Айтмоқчиманки, ҳар бир адабиёт ўқитувчиси ана шундай эъзозга эга бўлишга интилса, миллатимиз келажаги таъминланган бўлади. Омонулла Мадаев Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тадбирларида фаол қатнашиб, ҳозирги кун зиёли ёшлари камолоти учун устозларча-оталарча қайғуриб, йиғилганларни баҳс-мушоҳадага чорлайдилар. Бу  чорлов шу даражада самимий бўладики, мухлислар муносабат билдирмай ўлтиролмайди. Натижада, ўртада фикр алмашиш, мулоқот пайдо бўлади. Бу ҳолатни  буюк адиб Чингиз Айтматов япон мутафаккири ва ёзувчиси Дайсаку Икэда билан суҳбатда жамият тараққиёти учун энг керакли, зарур нарса сифатида қадрлашини айтади.

– Ўзимизнинг Миллий кутубхонамиздаги бир тадбирда ҳам худди шундай воқеа бўлганди, эсингиздами, Омонулла ака, Сиз ҳазрат Алишер Навоийнинг болалик чоғида ёзган, Лутфийни мафтун этган машҳур  байтининг қандай ўқилиши ҳақида гапиргандингиз? –  Алишер Навоийнинг машҳур байти бор, – деб бошлагандингиз сўзингизни, кейин  шундай давом эттиргандингиз  фикрингизни:

Оразин ёпқоч кўзимдин

                            сочилур ҳар лаҳза ёш,

Бўйлаким, пайдо бўлур

                            юлдуз ниҳон бўлғоч қуёш.

Иккинчи мисрадаги «юлдуз» ва «ниҳон» сўзлари кўпинча қўшиб ўқилади. Натижада, юлдуз йўқолиб, қуёш пайдо бўлиши ҳодисаси қайд этилади. Аслида, қуёш йўқолганидан кейин юлдуз пайдо бўлади. Шоир маъшуқанинг юзини ёпишини (тўсишини) қуёшнинг йўқолишига, кўз ёшларининг сочилишини осмонда юлдузларнинг пайдо бўлишига қиёсламоқда ва ажойиб ҳусни таълил санъатини яратмоқда. Шунинг учун иккинчи мисрадаги «юлдуз» сўзидан кейин вергул қўйиш маъқул. Шунда «Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғоч қуёш» – пайт эргаш гапли қўшма гап ҳосил бўлади. Шоирнинг мақсади аниқ ва равшан тушунилади.

Кейинги тадбирлардан бирида, яна кутубхонамизда шу байтнинг ўқилишини сўрадингиз. Бир-икки мухлис байтдаги иккинчи сатрни нотўғри ўқишди.

–  Ўзбекистон республикасида хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева ўрнидан туриб, байтни ўргатганимдек қилиб  ўқиди. Мен  қайдан биласиз байтнинг бундай ўқилишини? – деб сўрадим.

– У ҳаммани, қолаверса, сизни ҳам ҳайратга солиб, ўтган сафарги тадбирлардан бирида сизнинг ўзингиздан эшитгандим, домла! – деди.

– Демоқчисизки,  сочилган ҳамма дон ҳам тошга тушавермас экан.

– Албатта, бунинг устига, бизнинг кутубхонадаги тадбирларда бу йил жаҳон миқёсида таваллудининг 575 йиллиги тантанали ва муносиб нишонланаётган буюк Алишер Навоий ижодини англаш борасида яна кўплаб фикр-мушоҳадаларингизни йиғилганлар билан ўртоқлашгансиз.

Аслида, Алишер Навоий ҳақида гапирмаган ўқитувчи том маънода ўзбек педагоги бўлмаганидек, у ҳақда ёзмаган олимнинг ҳам ҳақиқий олимлигига шубҳа қилиш мумкин. Бинобарин, сиз ҳам, мана неча йиллардан бери,  буюк мутафаккир ижодининг ўзига хос қирраларини кашф этиб роҳатланасиз. Республика матбуоти саҳифаларида шоир таваллуд кунларида мақолалар эълон қилиб, буюк шоирга ўз ҳайратларингизни изҳор этгансиз.  Бу борадаги битикларингизда нафақат мисралардаги маъно қабатларини, балки Алишер Навоий асарларида акс эттирилган бугунги замонавий технология элементларигача эътиборни қаратасиз, бошқача айтганда, сиз «сўз мулкининг султони» (М. Шайхзода)  ижодида (яъни ўз замонасида) бугунги кундаги светофор, эскалатор, НЛО (яъни учар ликобчалар), темир одамлар (роботлар), замонавий кино санъатида қўлланиладиган гиперграфиялар тўғрисида аввалдан хабар берганлигини далиллаб, изоҳлаб бергансиз. Бошқача айтганда, китобхонни Навоий даҳосига янгича қарашга чорлагансиз, унинг битмас-туганмас хазина эканлигига ишора қилгансиз.

– Омонулла ака, ўқитувчи – устоз-муаллим сифатида шогирдларингизга сабоқларингизни журналимиз мухлислари билан ўртоқлашсангиз.

– Ўқитувчи – ўз миллати келажагини таъминлайдиган мутахассис. Айниқса, адабиёт ўқитувчиси.

Кунлардан бир кун мендан Озод Шарафиддинов сўради: «Адабиёт ўқитувчисининг вазифаси нима? У Давлатнинг қандай буюртмасини бажаради?» Тайёр жавобим бор эди. Айтдим: «Адабиёт ўқитувчиси ўқувчида оғзаки ва ёзма нутқ кўникмасини адабий тил ўлчовида шакллантириш вазифасини бажаради». Шунда Озод ака ним табассум билан дедилар: «Омонуллахон, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси китобхон тайёрлаши керак. Чунки миллатнинг келажаги китобхонда». Энди тушуняпман, Дмитрий Скоболевнинг гапи бор: «Миллатни йўқ қилиш учун, уни жисмонан қириш шарт эмас. Унинг маданияти, қадриятлари, тили йўқотилса, миллат ўз-ўзидан йўқ бўлади».

Чўлпоннинг бир гапи бор: «Адабиётсиз миллат – миллатмас» деган. Мазмуни шундоқки, кир кийимни совун билан ювса, тоза бўлади. Инсон қалби кир бўлса, у адабиёт билан тозаланади. Афсус-надомат билан айтадиган гапим: Адабиёт фани ўқитувчилари ўртасида китоб ўқимайдиганлар бор. Бадиий адабиётни ўқишни шу фан ўқитувчилари бошлаши керак. Аҳвол ҳозирги тарзда давом этадиган бўлса, халқимиз яна ўттиз йилдан кейин тузатиб бўлмайдиган ҳолатга тушиб қолади. Мана шу фожианинг олдини олиш керак. Сиз билан биздан олдинги авлод адабиёт фани ўқитувчилари «Ўткан кунлар»ни ёд билишган эди. Ҳозирги айрим ўқитувчиларда айнан шу фазилат етишмайди.

Иккинчидан, умумтаълим мактабларида ўзбек тили ва адабиёти фанларидан дарс берадиган ўқитувчи – бевосита санъат ҳақида таълим ва тарбия берадиган ягона мутахассис ҳисобланади. Буни шундай изоҳлашим мумкин: физика муаллими физика асосларини, биология ўқитувчиси биология асосларини ўргатади, аммо адабиёт ўқитувчиси адабиётшунослик асосларини ўргатмайди. Чунки  мактабда адабиётшунослик деган фан йўқ. Биз бадиий адабиётни ўрганамиз. У – фан эмас. У – санъат. Адабиёт ўқитувчиси  санъатни ўргатади– ўқувчига. Сиз билан менга ўқувчи Алишер Навоийнинг туғилган кунини  билиши яхши, аммо бу – биринчи даражали аҳамиятга эга эмас, бу иккинчи даражали аҳамиятга эга. Биринчи даражали ҳодиса   унинг Алишер Навоий асарларидан таъсирланиши. Мен бошқа факт ва рақамларни билган ўқувчига ўрта, бадиий асардан таъсирланувчи болага эса, аъло баҳо қўйишим мумкин.

– Устоз, бунинг учун ўқитувчи нималарга кўпроқ эътибор бериши керак, тўрироғи, улар нимани кўпроқ тушинишлари лозим, деб ўйлайсиз?

–  Адабиётдан дарс бериш деганда умуман адабиётни эмас,  сўз санъатини ўргатишни, ундан таъсирланиш кўникмасини ҳосил қилишни, севишни   тушунишимиз керак.

Тингловчи ўқувчи, талаба диққатини янгилаш усулларидан яна бири мавзуга оид ўта қизиқарли маълумот бериш ҳисобланади. Бу маълумот шу қадар қизиқ  ва муҳим, айни пайтда, жозибали бўлсинки, ўқувчининг машғулотдан қочаётган хаёлини ўқитувчига қаратиб қўйсин. Масалан, Алишер Навоий ҳаёти ҳақида гапираётганда, шоир Ҳусайн Бойқаронинг Ҳиротдан уч минг хонадонни Хоразмга кўчириш ҳақидаги фармонини бекор қилиш илтимоси  билан ўн бир марта шоҳ ҳузурига кирган воқеасини айтиш мумкин. Ёки шоир ёзган 2600 Ғазалда унинг ҳар мисрасини қандай ҳарф билан тугалланиши ҳисобга олганини, хусусан, «Fаройиб ус-сиғар», «Наводир уш-шабоб», «Бадое ул-васат», «фавойид ул-кибар» девонларининг ҳар бирида ғазаллар «алиф», «бе», «пе», «те» ва ҳоказо ҳарфлар билан 39, 26, 2, 20 та ва ҳоказо тарзда бир хил тугаллангани ҳақида тўхтаб ўтиш мумкин.

«Фарҳод ва Ширин» достонида:

Деди: «Қайдин сен, эй мажнуни гумраҳ?».

Деди: «Мажнун – ватандин қайда огаҳ», –

байти бор. Хисрав ўзини шоҳ ва доно терговчи сифатида тутади. У Фарҳодни мажнун – жинни, эсини йўқотган кимса, деб ҳақорат қилмоқда. Фарҳод эса, Хисрав саволидаги мантиқий хатодан фойдаланиб унинг ўзини эси пастга чиқаради. «Сен мени «мажнун» дединг, энди ўзинг ўйла, мажнундан унинг ман-зилини сўрашнинг ўзи жиннилик эмасми. Мажнуннинг ватани бўлади, аммо у, жинни бўлгани боис, манзили қаерда эканини бил-майдику»демоқчи.

«Лайли ва Мажнун» достонини ўтар эканмиз, Алишер Навоий севишганларнинг жасадини бир тобутга солишганини ёзади. Икки маййит, икки кафан, аммо тобут битта эди. Шоир бу ҳолатни қўш мағизли бодомга қиёслайди. Мағиз иккита, ҳар бир мағизнинг ўз пўсти бор ва бу икки мағиз бир бодомнинг ичига жойлашган. Икки мазали мағиз бир бирига интилади, аммо пўст уларни ажратиб турибди. Лайли ва Мажнун ҳам бир-бирига интилади, аммо кафан уларни ажратган. Адибнинг маҳоратига қойил қолмай бўладими?!

– Устоз, сизнинг  дарс ўтиш маҳоратингизни, маърузаларингиздаги нотиқлик санъатингизни  яқин 45 йилдан бери кузатиб келамиз. Тинглаб мириқамиз, бу гал ҳам шундай бўлди. Менимча, адабиёт ҳукмрон дил, китоб кириб борган, кутубхоналар зиёсида ёритилган умр энг музмунли умрдир. Сизнинг ҳам китобларингиз, мана, шу миллий бойлигимизни, нодир халқ оғзаки ижодимизни ўрганишда узоқ йил умр кўради. Маънавиятимизни бойитиш, халқимиз оғзаки ижодиётини ўрганиш йўлида сизга куч-қувват, мустаҳкам соғлик тилаймиз. Мазмунли ва мароқли суҳбатингиз учун раҳмат.Шукур

Қурбон суҳбатлашди.

INFOLIB, №1, 2016