Мариф Салимов,
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси
Ахборот-кутубхона фондларини
консервация ва реставрация қилиш
хизмати раҳбари

Способы хранения самым непосредственным образом отражаются на состоянии документов и соответственно на сроке их службы. Переполненные хранилища, плохое оборудование, бессистемные условия хранения способствуют быстрому износу и повреждению документов. Помимо соблюдения температурно-влажностного, светового и санитарно-гигиенического режима хранения сюда входит применение фазовой консервации – временного хранения документов в контейнерах из специальных материалов, разрешенных к использованию. Назначение фазовой консервации состоит в предохранении документов от механических повреждений и воздействия агрессивных факторов окружающей среды на определенный период времени. В статье освещены процессы реставрации и консервации документов на бумажной основе.

Ахборот-кутубхона фондларини  консервация ва реставрация қилиш хизматида қўлёзмаларни сақлаш режимига қатъий амал қилиниши зарур. Қўлёзма реставрацияга олиб чиқилганда биринчи бўлиб у дезинфекция камерасида сақланади. Бу камера ичида махсус доиралар орқали буғлантирилади. Қўлёзмалар 24 соат камера ичида сақланади. Сўнгра бирламчи тозалаш ишлари ўтказилади. Шундан сўнггина қўлёзманинг физик ҳолати таъмирлаш нуқтаи назаридан ўрганиб чиқилади ва амалга ошириладиган ишлар режалаштирилади. Бу иш, асосан, қуйидаги кетмакетликда кечади: муқовани реставрация қилиш; қоғозларни реставрация қилиш; жузъ бўлакларига бўлиш ва ажратиш; тикиб жамлаб чиқиш; қўлёзмани муқовага қайта жойлаштириш.

Қўлёзма муқовасини қайта тиклаш одатда муқоваси эскирган, жуда ночор аҳволга тушган қўлёзмалар реставрация қилинади. Уларни синчиклаб кўздан кечирганда қуйидаги ҳолатларни кўриш мумкин: қуриган чарм муқова, қовжираган, синиб дарз кетган, чизиқлар тушган, йиртилган, узилган, икки томон муқоваси китоб жамланмасидан ажралган, картон муқова ёнидан ва бурчакларидан йиртилган, шерозасининг иплари узилган ва титилган бўлади.

Реставрация қилинаётган муқова мўйқалам ёрдамида кир ва чангдан тозаланади. Сўнгра у икки уч маротаба дистилланган сув ёрдамида докага пахта солиб тозаланади. 10–15 дақиқа очиқ ҳавода қуритилиб, чарм юзаси 96% спирт билан артилади. 30 дақиқа ўтганидан сўнг илик мойи билан мойланади ва 10–12 соат қуришга қўйилади. Шундан сўнг чарм мустаҳкамланиши учун 5 % ПЭФ 2/1 аралашмаси унинг устига кенг мўйқалам ёрдамида суртилади (18 – 20 мл., концентрацияси 20–28%). Мазкур қоришма пленка ҳолатига келиб қуригандан сўнг 100 мл. 96 % этил спирти ёрдамида чарм сатҳига суриб рангланади. Муқова картонига суюқ ПВА елим шимдирилади. Қўлёзманинг чармлари йўқ жойлари ямалиб, янги қўйилган бўлаклар асосийси билан бир хил рангга келтирилади. Чарм тозаланиб, юпқалаштирилиб муқова ёни ва бурчаклари тўлдирилади.

Чарм муқова қуригандан сўнг, агат тоши ёрдамида ёғ билан текислаб силлиқланади. Унинг ёриқларига мум тўлдирилади. Қориш-манинг таркиби қуйидагича: илик ёғи – 100 гр; мум – 35 гр; тимол – 5 гр.

Мум эритилиб, унга илик ёғи ҳамда анисептик модда қўшиб тайёрланади. Қоришма 20–25 дақиқа ёрдамида чинни идишда эзиб аралаштирилади. Тайёрланган қоришма муқова сиртига чинни андава ёрдамида суртилади ва қуритилади. 24 соат ўтгандан сўнг муқова сиртидан ортиқча қоришма шилиб олинади. Сўнгра яна бир оз қуритилгач, то силлиқ ҳолга келгунича ишлов берилади.

Қўлёзма иплардан ечилиб, варақлари ажратиб олинади. Сўнгра мўйқалам ёрдамида яхшилаб чангдан тозаланади. Тешилган жойлари уларга мос қоғоз билан тўлдирилади. Қўлёзма қоғозини тузатиш ҳар хил усулда амалга оширилади.

Қоғозни устма-уст елимлаш. Бу усулда қоғоз бир-бирининг устига чиқариб елимланади. Иккинчи усул қоғозни учма-уч елимлашдир. Бу усулда қоғоз толаларини чиқариб, узайтириб сўнгра елим суртиб бир-бирига учма-уч қилиб елимланади. Учинчи усул йиртилган қўлёзма қоғозини бир бирига улаш ёрдамида амалга оширилади. Бунда қўлёзма қоғозининг йиртилган қисми қоғознинг иккинчи қисмига қўйилиб, бир-бирига миколент қоғози ёрдамида елимланади. Варақларнинг ҳошиялари чизилган жойдан йиртилган қоғозларни эса, икки томонидан юпқа реставрация қоғози ёрдамида елимланади. Реставрация жараёнида турли қоғозларга ёзилган китоблар учрайди. Бу қоғозлар бир-биридан юпқа ва қалинлиги, ранги, таркиби жиҳатидан фарқланади. Қалин қоғозларни бир-бирига устма-уст елимлаб бўлмайди. Улар учма-уч усулида елимланади. Шунингдек, қоғознинг тусини ҳам ўзаро бир-бирига мос равишда танлаш лозим.

Қўлёзма варақлари реставрация қилиниб, сўнгра тартиб билан жузъларга, яъни бўлакларга терилиб тахланади. Шундан сўнг, жузълар тикилади. Тикишда тоза пахтадан қилинган ип ишлатилади.

Қўлёзма китоб тикилганидан сўнг, ён қисмига бўз мато елимланади. Сўнгра шерозаси, яъни каптал томони тикилади. Тикиш учун ипак, ёки пахтадан тайёрланган иплардан фойдаланилади. Кейин эса, жузълар жамланмаси муқовага ўрнатилади. Муқовалар, таъмирланаётган қўлёзманинг хусусиятлари инобатга олинган ҳолда, заруратга қараб муқова муаллифлари томонидан тайёрланган абру безакли қоғоз билан зийнатланади.

Шу билан бирга, реставрация жараёнида қўлёзмани ўз даври ва мактабига мос тарзда таъмирлашга ҳам имкон қадар ҳаракат қилинади.

Қўлёзмаларни таъмирлаш ишига бундай ёндошишга сабаб, асрлар давомида бизга етиб келган ёзма ёдгорликларни келаси авлодларга ҳам етиб бориши лозимдир. Бунга эришиш учун таъмирлашдаги энг тўғри йўл, қўлёзмага нафақат таркиб жиҳатидан, балки тайёрланиш жараёни бўйича ҳам мос тушадиган ё бўлмаса, яқин келадиган ашёни ишлатиш зарур.

Бизнинг асосий мақсадимиз қўлёзма китобларни сақлаш ва асрашга қаратилгандир. Ўз фаолиятимизда бу соҳанинг мураккаблиги ва масъулиятлилиги, ҳамда қўйилган ҳар бир кичик хатонинг оқибатини ҳисобга оладиган бўлсак, соҳа мутахассисларининг доимий алоқада ва ҳамкорликда иш олиб боришлари зарур деб биламиз. Ўз ечимини кутаётган тур-ли муаммоларни биргаликда ҳал қилиш учун ҳамкорликка тайёрмиз.

INFOLIB, № 2, 2015