«Мамлакатни бир уй деб олсак, унинг деворлари иқтисодиёт, томи маънавиятдир. Агар томдан чакки ўтадиган бўлса, ҳеч қандай девор узоқ вақт турмайди. Бизнинг мустаҳкам асосларимиз, Устунларимиз бор…»

Мен яқинда Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтидаги кутубхонани кўриб кўнглим тоғдек кўтарилди. Кутубхонадаги китобларни ва китобхон-талабаларни кўриб жуда хурсанд бўлдим. У ерда фаолият кўрсатаётган кутубхоначиларга: «Сизлар бахтли одамсизлар», дедим. Улар мендан нега ундай деяётганлигимнинг сабабини сўрашди.

«Бу ёшлар китоб ўқиётганда савоб бўлади, тепаларида фаришталар айланади ва сиз бу савобга шерик бўласиз. Шунингучун сизлар кутубхонага қанча кўп одам кирса, шунча хурсанд бўлаверинглар, қанча кўп китобхон кирса, хонангиз шунча фаришталарга тўлади, шунча кўп савоб оласиз», – дея жавоб бердим. Илм ўрганаётган, китоб ўқиётган ёшларимизни эъзозлашимиз, уларни суйиб-ардоқлашимиз керак.

Бугунги кунда муҳташам ва файзли Ўзбекистан Миллий кутубхонасига келаётган минглаб китобхонларни кўриб, бу даргоҳда ишлайдиган ходимлар минг чандон бахтли одамлар дегим келади. Минглаб инсонларнинг савобига шерик бўлиш, бу- катта толе.

Кўплаб инсонларнинг илмий ишларига асос бўлган, қаърида миллионлаб китоб хазиналарни жамлаган даргоҳ бу. Канийди, бу хазинадан ҳамма ўз улушини олса. Лейкин бугунги кундаги умумий китобхонлик даражаси инсонни ўйлантириб қўяди. Китобхонлик ёзувчиларнинг ҳам бахти, ҳам ташвишли ўйига айланди. Бахти шуки, бирор китобидан ўқувчилар озгина бўлса ҳам маърифат олса, уни яхши йўлга бошласа, ёзувчи учун бу катта бахт, катта қувонч. Ташвиши эса, бутун дунёнинг ташвишига айланган китоб ўқишга интилишнинг сезиларли даражада камайиб кетганлиги. Ёзувчининг онгида доим китобларимни биров ўқийдими, керакли нарса ёзаяпманми, деган ўй чарх уради. Бу ўй ҳеч қачон тинчлик бермайди. Эътибор бериб қарасангиз, бугун китоб ўқийдиганлар камайиб кетганлигини кўрасиз. Ҳисоб-китобларга Караганда, собиқ иттифоқ даврида китоб босиш, матбаачилик соҳасида энг охирги ўринларда турган эканмиз. Ўша пайтларда, айниқса, болалар учун китобларнинг сони жуда кам бўлиб, ҳар ўн икки, ўн бешта ўзбек боласига битта китоб тўғри келган. Йил давомида маълум миқдорда китоб чиқариш белгиланган бўлиб, уларнинг учдан икки қисми иттифоқнинг сиёсий мавзудаги китоблари билан тўлдириларди.

Эътибор қилинг-а, авваллари ёшларнинг китоб ўқимаслигига турли-туман фильмлар ва телевизордаги дастурлар сабаб қилиб кўрсатиларди. Энди эса, важлар қаватига компьютерлар ва телефонлар қўшилди. Айниқса, қўлтелефонлар ёшларнинг доимий ҳамроҳига, соясига айланди. Биз хоҳлаймизми, йўқми, бугунги кунда китобхонликнинг камайиб кетганлиги дунё тараққиётига, маънавий ҳаётимизга сезиларли таъсир ўтказмай қолмайди. Юртбошимиз Мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб маънавиятли ёшлар келажагимизни белгиловчи кучи эканлигини таъкидлаб келмоқдалар. Кучли давлатни ким қуради?- Билимли, зуккова маънавиятли инсонлар куради. Маънавиятли инсонлар каердан пайдо бўлади? Китоб ўқиш орқали эмасми?! Маънавият ақлни маъно билан тўлдириш дегани. Бу китоб орқали бўлади, маъно китоблардан олинади, мисқоллаб йиғилади. Мамлакатни бир уй деб олсак, унинг деворлари иқтисодиёт, томи маънавиятдир. Агар томдан чакки ўтадиган бўлса, ҳеч қандай девор узок вакт турмайди. Бизнинг мустаҳкам маънавий асосларимиз, устунларимиз бор. Уни фақат кўпчилик яхши билавермайди. Баъзилар Хоразмий бобом, Беруний, Навоий бобом дейишдан нарига ўтмайди. Ўша нотикни тўхтатиб, Хоразмий бобонгнинг қандай китобини биласан? Навоийдан битта ғазал ўқиб, маъносини тушунтириб берчи? – десангиз, жим бўлиб қолади. Буларга бош сабаб китоб ўқимаслигимиз эмасми?

Ўқишдан тўхтаган одам фикрлашдан ҳам тўхтайди, дейилади. Лейкин бир ўйлаб кўрсангиз, китоб ўқимаган одам ҳам фикрлайди. Аммо унинг қандай фикрлаши, нимани фикрлаши ва қандай хулоса чиқариши номаълум. Баъзи ёши бир жойга бориб қолган одамлар билан ҳам гаплашсангиз, ҳеч қандай маъно ололмайсиз. Олдидан тезроқ қочиб кетгингиз келади. Сўфи Оллоёр бобомиз: «Умр бўйи маъно йиғмасанг, саксонга кирсанг ҳам мисли саксан», -деганлар. Умрини маъносиз ўтказган, маънавиятсиз инсонлар «сак», яъни итга ўхшатилган. Итҳам фикрлайди. Жим бўл десант, жим бўлади, ўзи билиб уй-жойни қўриқлайди. Лекин унда юксак ақл, қалб бўлмайди. Бош мия ҳамма жонзотларда бор. Инсонга эса, бош билан бирга юксак фикрлаш учун ақл берилган, заковат берилган. Шу мақсадда ўқиш учун китоб берилган.

Билим ўрганиш бешикдан фарз қилинган. Эътибор қилинг, бешикдан. Биз болалигидан фарзандларимизни китоб, китобхонликка ўргатишимиз керак. Чунки офтоб нури тушмаган жойда экин битмаганидек, китоб ўқимаган бола хам камол топмайди. Тафаккури шаклланмайди. Муқаддас китобларимизда ҳам илм-маърифат улуғланган. «Мен олимман, олимларни севурман», «Билимлилар билан, билимсизлар тенг бўлурму?» дея Тангри бизни илм олишга, маърифатга чорлайди. «Қуръони Карим»да «Аллоҳ» сўзидан кейин энг кўп ишлатилган калима ҳам «Илм»дир. Шунинг учун кўпроқ ўқишимиз, ўкиганларимизни бировларга ўргатишимиз керак. Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтиш керакки, ўқишда ҳам ўқиш бор, уқиш бор. Оилаларда китоб ўқиш маданиятини жорий килишимиз даркор. Бу китобни ўқисанг ҳам ўқийсан, ўқимасанг ҳам ўқийсан, деб боланинг ўзига ташлаб қўядиганлар кўп. Боланинг қизиқишлари билан иши бўлмайдиган, мактабдан ўргангани етади, дегувчи ота-оналар кўп. Минг афсуски, бугунги кунда мактабларда ҳам кўпчилик ўқитувчилар китоб ўқимайди. Китоб ўқимагандан сўнг қандай қилиб болаларга ўқи дея олади? Қандай қилиб ўзида илм нури бўлмаган мураббий мурғак қалбларни зиё билан ёритиши мумкин. Масалан, Абдулла Қодирийнинг«Ўтган кунлар» романини олайлик. Ундаги ёзувчининг мақсадини, сўз қўллаш маҳоратини, Отабек ва Кумушнинг муҳаббати-ю, Зайнаб ва бошқа қаҳрамонларнинг руҳиятини ҳис қилмаган ўқитувчилар «Ўтган кунлар»ни навбатдаги бир ҳинд фильмига монанд таъсвирлайди ва ўқувчиларни шу манзарага қарашга даъват этади. Бола адабиётни шу устозининг кўримсиз дарчасидан қараб кузатишга махкум. Шунинг учун шоҳ асарларимизни ўзимиз китобдан, китобнинг ажиб ва сеҳрли меҳрини хис қилган ҳолда, шошилмасдан ўқиб чиқишимиз керак. Бунинг учун ҳамма имкониятлар бор. Мен, шу ўринда, мўътабар Миллий кутубхона бағрида ташкил топган янги журнал – «INFOLIB» ахборот-кутубхона хабарномаси билан кутубхона ходимларини, минглаб китобхон-ўқувчиларни табриклайман. Илм, маърифат, зиё учун олиб бораётган хайрли ишларингиз давомли бўлсин. Кутубхона узра кезиб юрган файз сизларга умр бўйи ҳамроҳ бўлсин дейман.