Умида Тешабоева,
Ўзбекситон Миллий
кутубхонаси
директори

Жорий йилнинг 20 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳамроҳлигида Туркия Республикаси Девонининг «Халқ кутубхонаси»(Millet Kütüphanesi)нинг тантанали очилиш маросимида «Фахрли меҳмон» сифатида иштирок этдилар

.Шунингдек, очилиш маросимида бутун дунёдан икки мингга яқин меҳмон — олимлар, ёзувчилар, таълим ва маданият намоёндалари, давлат ва жамоат арбоблари қатнашдилар. Ушбу тантанали маросим чоғида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси маъмурияти ҳам иштирок этди. Қуйида сафар таассуротлари ҳамда катталиги ва хизмат кўрсатиш сифати бўйича дунёдаги етакчи кутубхоналардан бири бўлиши кутилаётган «Халқ кутубхонаси» ҳақида танишасиз.

Анқарадаги «Президент мажмуаси» Туркия Президентининг расмий қароргоҳидан ташқари, бир қатор турли давлат муассасалари, конгресс-хол, маданият маркази, масжид ва кутубхонадан ташкил топган.

Кутубхона ушбу мажмуанинг энг ёрқин таркибий қисмидир. Унинг биноси 2017–2019 йиллар ичида «Ренессанс Иншаат» турк хусусий компанияси томонидан қурилган бўлиб, бинонинг умумий қиймати 610 миллион турк лирасида баҳоланган.

Кутубхона архитектураси, шунингдек, бутун мажмуанинг лойиҳасини турк инженери Шафик Биркие томонидан яратилган ҳамда унда қадим туркий ва замонавий архитектура қоришмаси, синтези асосида, бунда салжуқийлар, усмонийлар ва модерн моделидан фойдаланган. Лойиҳани яратишда бир қанча ривожланган давлатлар, шунингдек, АҚШдаги Президент кутубхоналари, Буюк Британия, Франция Миллий кутубхоналари тажрибаси ўрганилган.

Президент кутубхонаси – Халқ кутубхонаси – бу бинолар ва техник иншоотлар мажмуаси ҳисобланиб, умумий майдони 125 минг м2 дан иборат. Бинонинг асосий қисми 11 қаватни ташкил этади ва марказий катта гумбаздан, марказий фойедан, ўқиш залларидан кўп тармоқли заллардан, қадимий қўлёзмаларни реставрация қилиш лабораториясидан, архив мажмуасидан, кўргазмалар учун майдонлар, болалар учун заллардан, машиналар учун автотураргоҳдан, аллеялар, дам олиш, тамадди қилиш учун кафетерийлардан ташкил топган.

Кутубхона Туркияни Президент бошқаруви давлатига ўтганидан кейинги қурилган ва янги форматдаги кутубхона сифатида фаолият юритиши кўзда тутилган. У мамлакат бошқарувини янги ривожланиш даражасини ўзида мужассамлаштиради ҳамда Президент администрациясини халққа яқинлиги ва Президентлик фаолияти ҳақида кенгроқ ахборот бериш тимсоли сифатида намоён бўлади. Халқ кутубхонаси кенг жамоатчиликка очиқ. Иш тартиби: кунига 24 соат, ҳафтада 6 кун ишлайди. Кутубхона рўйхатидан ўтиш жараёнида махсус китобхонлик чиптаси берилмайди, барча хизматлар фуқаролик паспорти орқали амалга оширилади.

Кутубхона фонди Туркия тарихи, маданияти, санъати, фанидан ташқари, жаҳоннинг асосий етакчи маданияти ва цивилизациясини акс эттирган асарлардан, қадимий қўлёзмалардан, замонавий асарлардан, миллий ва хорижий илмий нашрлардан, шунингдек, тадқиқотчилар, тарихчилар ва «Президентлик мажмуаси» фаолияти билан қизиқувчилар учун Президент Администрацияси ҳужжатларидан ташкил топган.

Кутубхонада бошланғич ва ўрта мактаб ўқувчилари ва талабалар учун алоҳида секциялар ташкил этилган бўлиб, дарс ва имтиҳонларга тайёргарлик кўришларида барча шароитлар яратилган.
Мактаб ўқувчилари секциясида 2 та ўқув зали мавжуд бўлиб, унда 5-10 ёшгача ҳамда 10-15 ёшгача бўлган болалар фойдаланишади.

Болалар секциясида 25 000 нашрлар жамланган. Болажонлар учун: аудиовидео хонаси, шунингдек якка тартибда аудио эшитиш, видео кўриш учун кабиналар, гуруҳли дарс тайёрлашлари учун 8-10 кишилик компьютер, проекторлар билан жиҳозланган хоналар, турли тўгараклар ташкил қилиш, қўшимча билим олиш мақсадида (тил ўрганиш, фанларга йўналтирилган) махсус буюмлар, техника воситалари билан жиҳозланган хоналар, турли форматдаги тадбирлар ўтказиш учун очиқ майдонлар ташкил қилинган. Фарзандари билим чўққиларини эгаллашаётган даврда, ота-оналар вақтларини фойдали ўтказишлари мақсадида, махсус ота-оналар учун дам олиш зоналари ажратилган. Болажонлар ота-онасини кўриб туради, онанинг ҳам кўнгли тўқ.

Халқ кутубхонасида кутубхоначилик фаолияти тўлиқ автоматлаштирилган. Китобларга RFID чиплари ўрнатилган, RFID киосклари барча ўқув заллари, очиқ ўқув майдонларига жойлаштирилган. Мутолаа учун олинган китоб билан кутубхона бўйлаб бемалол ҳаракат-ланиш мумкин, чунки ҳар бир ўқув зали, ўқув майдонларида нашрларни сақлаш учун махсус RFID эшиклари ўрнатилган. Кутубхона фонди 4 миллион китобдан, 700 мингдан зиёд вақтли матбуот нашрларидан, 1,5 миллионга яқин электрон ҳужжатлардан, 50 мингдан ортиқ нодир ва ноёб асарлардан ташкил топган.

Бир вақтнинг ўзида 5 минг китобхонни қабул қилиш қувватига эга ушбу кутубхонадаги ўқув залларида компьютерларни кўп эмаслиги кўзга ташланади. Бунга 2 та сабаб бор деб фикр қилдим. Аввало, кутубхонани лойиҳалашда босма китоблар мутолаасига урғу берилган, қолаверса, китобхонларнинг шахсий ноутбук, планшет, турли гаджетлари борлиги. Кутубхона ва унинг атрофида WI-FI ишлаб туради. Ҳеч қайси бир ўқув залида нусха кўчириш, чоп этиш, сканерлаш учун техника йўқ. Қўшимча пуллик хизматлар учун китоб-хонларга ўқув залида мутолаага ҳалақит бермаслик учун махсус марказлар ташкил қилинган.

Энг катта ўқув зали «Жаҳоннома» деб аталади. Унда дунёнинг 100 дан ортиқ давлатларидан келтирилган китоблар жойланган, ўқув зали айлана шаклда ва энг юқори қисми, яъни гумбазида Қуръони Каримнинг «Ал-Алақ; сурасининг 4-5 оятларидан олинган: «У зот бизга қалам билан ёзишни ва билим эгаллашни ўргатган зот» деган ёзувлар битилган. Залнинг 16 та устуни бўлиб, улар тарихдаги туркий халқларнинг рамзий маъносини билдиради.

Айнан шу ўқув залида Ўзбекистон учун жой ажратилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан совға қилинган 350 та нашрлар жойлаштирилган. Совға қилинган нашрлар Ўзбекистон тарихи, маданияти, илм-фани, буюк аждодлари асарлари, ҳамда бой маънавиятини ўзида акс эттирган ўлкашунослик нашрларидан иборат.

Нодир нашрлар фондидан ташқари, барча китоблар очиқ, яъни ўқув залларида жой-лаштирилган. 4 миллион китоб фондини очиқ жойлашгани ва ундан китобхонларни фойда-ланишида ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди. Чунки, ҳар бир китобни қаерда, қайси залда, қайси жавонда, юқори ёки пастдан ўрин олганини билиш имкони яратилган. Яъни, китоблар жойлашувини аниқловчи навигатор дастури яратилган десак бўлади. Албатта бу электрон каталогни шакллангани ҳамда китобларга чипларни ўрнатилганида ўз ечимини топган.

Кутубхона инфратузилмасида 500 кишига мўлжалланган Конференц зал ҳам бор. Барча ўриндиқлар синхрон таржима ёрдамида (6 та тилдан) таржима қилинган матнларни эшитишлари учун махсус мосламалар билан таъминланган. Кутубхонага киришда 400 киши бемалол дам олишлари учун амфитеатр шаклидаги дам олиш жойи ташкил қилинган бўлиб, турли декоратив дарахтлар, гуллар ва ўсимликлар майдон дизайнига ўзгача чирой бериб турибди. Амфитеатрда турли форматдаги тадбирлар ташкил қилиш, ўзаро мулоқот учун барча шароитлар мавжуд.

Кутубхонанинг ҳар бир қаватида китобхонлар мобил алоқа воситаларидан фойдаланишлари учун алоҳида хоналар ташкил қилинган. Шунингдек, 170 кишига мўлжалланган 24 соат ишлайдиган кафетерий ҳамда 400 кишига мўлжалланган ресторан ҳам китобхонларни кутубхонадаги вақтларини ва эҳтиёжларини тўла қондиришларини кафолатлайди.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, Анқара Президент – Халқ кутубхонаси билан Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ўртасида ҳамкорлик қилиш бўйича ишларни тизимли йўлга қўйиш мақсадида, Меморандум ишлаб чиқиш зарур. Унда қуйдагилар:

– 2020 йил май ойида Миллий кутубхона ташкил топганининг 150-йиллик юбилейини нишонлаш доирасида ҳамкорлик Меморандумини имзолаш ;

– турк мутахассислар тажрибаси ва кўмагида Миллий кутубхонанинг нашрларни рес-таврация қилиш маркази ишини такомиллаштириш;

– Миллий кутубхонда Туркиянинг бой тарихи, маданияти, илм-фанини тарғиб қилувчи адабиётлардан ташкил топган «Туркияга нигоҳ» ўқув залини ташкил қилиш;

– халқаро китоб айрбошлаш йўли орқали икки давлат кутубхоналари фондларини янги нашрлар билан тўлдириб бориш;

– кутубхоначилар малакасини ошириш мақсадида, турли стажировкалар, малака ошириш курсларини ташкил қилиш;

– халқаро анжуманлар, касбий тадбирлар, онлайн видео-конференцияларда иштирок этиш ва бошқалар.