Иброҳим Ҳаққул,
адабиётшунос олим,
филология фанлари доктори
профессор

Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг ташкил этилганлигига 150 йил тўлиши арафасида таниқли адабиётшунос олим, ўткир қалам соҳиби ва мунаққид Иброҳим Ҳаққул билан бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан китобга қаратилган эътибор ва китобхонликни шакллантириш борасида олдимизда турган вазифалар хусусида суҳбат-лашдик.

Бугун жамият маънавий ҳаётининг юксалишида китобнинг ўрни, китобхонликнинг аҳамияти ҳақидаги фикрларингиз билан ртоқлашсангиз.

Бугун китобга бўлган муҳтожлик ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ, фақат бунда катта-лар ёшларга китобни тарғиб ва ташвиқ қилишда ёрдамчи бўлиши лозим. Китоб ўқиш, китоб-хонлик ҳамма даврларда ҳам бўлган. Мен яхши эслайман, ХХ асрнинг 60-йилларидан ке-йинги даврларда қишлоқдаги ёки маҳалладаги бирон-бир оилага йиғилиб китоб мутолаа қилиш анъанаси бор эди. Биз ҳам шу анъаналар таъсирида улғайган авлодмиз. Афсус, бугун бу нарсалар йўқолиб кетди. Бугун китоблар кўп, аммо жуда қиммат. Шунинг учун ҳам китобларни сотиб олиш жараёнида синчиклаб, танлаб олиш керак. Мен доим олий ўқув юртида талабаларга дарс бериш жараёнларида қизларимизга айтаман-ки, эртага оила қурган вақтингизда ота уйингиздан кутубхонангизни олиб кетинг, эртага Сизга жуда кўп фойдаси тегади дейман. Жомий ҳазратларининг шундай рубоийси бор:

– Жаҳонда китобдин яхши ёр бўлмас,

– Давр ғамхонасида ғамгузор бўлмас.

– Ёлғизлик кунжида ундан ҳар қачон,

– Юз роҳат етар, лек озор бир бўлмас.

Бугунги кунда китобга бўлган муносабат ўзгардими, Сизнингча? Умуман, Сиз болали-гингизда қайси китобларни ўқигансиз?

– Бизни уйда ҳам китобга бўлган меҳр жуда баланд бўлган. Раҳматли бобом Муллаҳақ-қулнинг эски китоблари бўларди. Аҳмад Яссавийнинг «Ҳикматлар девони»нинг тошбосма муқовали нусхаси, Мирзо Бедилнинг «Девони», Ҳофиз Шерозий каби ижодкорларнинг 3-4 та китоблари менга бобомерос бўлиб қолган. Ҳозир ҳам баъзида олиб варақлаб тураман. Мактабга борганимиздан кейин мен оилада биринчи ўғил бўлганим учун-ми, дадам ва бобом доим мени эркалатишар ва тезроқ китобхон бўлишимни исташган.

Биринчи китобларимни яхши эслайман, Расул ака деган қўшнимиз бўларди, улар туман марказида ўқирди. Шу киши менга 2 та китоб олиб келганлар. Улардан бири «Ўзбек халқ эртаклари» ва иккинчиси муқовасида тўтиқушни расми бўлган «Афғон халқ эртаклари» эди. Иккалла китоб ҳам суратли бўлгани учун аввал суратларини завқ билан томоша қилиб чиққанман, кейин уларни ўқиганман. Орадан бир мунча вақт ўтгандан кейин, дадам ўзларига олган бўлса керак «Меҳробдан чаён» китобини, «Ўн беш ёшли капитан» деган китоб бўларди ва Маяковскийнинг қизил муқовали китоби бўларди ўшаларни олиб ўқирдим. 5-6 синфларда ўқиган вақтларимда бизнинг туман марказимизда жуда катта китоб дўконлари бўларди, ўша ерга бориб Абдулла Қаҳҳорни, Ойбек домлани, Ғафур Ғулом каби қалам аҳлининг китобларини сотиб олиб ўқиганман. Бундан ташқари, бизга қўшни бўлган Ғиждувон тумани марказига баъзан отам билан, баъзан онам билан бозорга борганимда китоб дўконидан китоб сотиб олганларимиз, эсимда бор. Ва шу китобларни ҳозир ҳам сақлайман. Бир мўъжаз қадоқчада Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳусниддин Шарипов каби ижодкорларнинг китобларидан иборат «Гул ва кўнгил» деган 10 та китоблар мажмуасини ҳам Ғиждувондаги дўкондан сотиб олиб ўқиб чиққанман. Оиламиздаги китобхонликка даъват қиладиган муҳит секин-секин бизларда китобга муҳаббатни пайдо қилган.

Сиз эслаган даврларда китобхон кўп бўлган-у китоблар кам бўлган, ҳозирги кунда ки-тоблар кўпайган-у китобхонлар камайгандек, назаримда. Бу фикрга қандай қарайсиз?

– Ўша даврдаги китобхон билан бугунги кундаги китобхон ўртасида анча катта фарқ бор. Уларни таққослаш қийинроқ. Нега-ки? Биринчидан, у пайтларда фақатгина радио бўларди, телевизор жуда кам оилаларда бўларди. Техника орқали китобни ўқиб ўзлаштириш деган нарсалар йўқ эди. Бугун техника жуда ривожланиб, кучайиб кетди. У даврдаги болаларни умумий савияси шундай бўлганми ёки бошқа сабаблар бўлганми улар табиатга жуда яқин бўлган. Ишонувчанлиги бошқача бўлган, орзу-истакларида самимияти мутлақо бошқача бўлган. Иккинчидан, мен ўзимни китобийроқ одам деб биламан ва ҳаётдаги ҳақиқатдан кўра китоб ҳақиқатига ишонганман. Китобларда келтирилган воқеаларни ҳақиқат деб қабул қилганман. Бадиий тўқима деган адабий меъёрларни унча ҳисобга олмаганман. Бизни тенгдошлар орасида ҳам китобга ишонадиганлар, айтайлик, Кумуш ва Отабеклар ҳаётининг охиридаги фожиавий ҳолатини кўриб йиғлайдиган ёки китобдан мутаассир бўлиб ўзи бошқача ҳолатга тушадиган одамлар кўп бўлган. Бугун энди бундай эмас. У пайтларда, биласизми, жаҳон адабиётидан таржималар жуда кам эди. Ўзбек адабиёти бўйича китоблар ҳам жуда кўп эмасди. ХХ асрнинг 60-йилларидан кейингина китобларнинг сони ҳам, сифати ҳам ўсиб кетди. Ўша даврларда инсонлар қўлига тушган китобларни ўқиб кетаверишган. Ёш йигит-қизлар китоб ўқишаётганда уларга йўл кўрсатадиган, мана бу китобни ўқиш керак, мана бу китобни ўқимаслик керак деб кўрсатма берадиган киши бўлиши керак экан. Мен буни кейинчалик билдим. Яъни, ўқиганда ҳам танлаб ўқиш лозим экан. Эстетик диднинг бузилиши, бўлар-бўлмас китобларни ўқиб савиянинг пасайиб кетиши ҳеч гап эмас. Рус ёзувчиси Чернишевскийнинг «Нима қилмоқ керак?» деган асарининг бош қаҳрамони шундай дейди: – «Мен шундай бир китобни ўқийки, токи бошқа юзта китобни ўқишга эҳтиёж қолмасин», яъни 100 та китобдан оладиган маънавий озиқни битта китобдан олиш назарда тутилган. Баъзан ёшликда бирдан китобни ўқиб барча сир-синоатини тушунмайди, унга ба-диий томондан, ғоявий томондан, ҳаёт билан боғлиқ жиҳатларини тушунтирадиган, йўл-йўриқ кўрсатадиган одам керак. Китоб ўқиш маданиятига эришиш жуда қийин жараён. Машҳур немис шоири Гёте 70 ёшда ҳам жуда кўп китоб ўқиган. Лекин шунга қарамасдан ҳам у «Мен ҳали тўла китоб ўқиш маданиятини эгалламадим» деган эди. Ваҳоланки, у жуда катта мутафаккир ёзувчи эди. Энди баъзилар бир китоб сюжетига қизиқиб ўқишадида китобнинг асл моҳиятига етиб боролмайди.

Китоб ўқишдан мақсад нима деганда? Аввало, бу нарсага кенгроқ қараш, бу китоб нега ёзилди, қандай ёзилди ва уни нимага ўқиш керак ёки сенинг ҳаётингда қандай ўрни бўлади? деган фикрларга эътиборни қаратиб ўқиш керак бўлади.

Олди-қочди китобларни ўқигандан кўра «Ўткан кунларни» икки марта, уч марта, ўн марта ўқиган афзалроқ. Чунки, ҳар ўқиган сари унинг янгидан-янги сирлари очилиб бораверади. Агар эсласангиз, «Меҳробдан чаён»нинг дастлабки бўлимларидан бири «Раъно» деб аталган. Ўша бўлимда Раъно ҳақида сўз боради ва ёзувчи унинг ўқиган китобларининг номларини келтиради. 17 ёшида Раъно «Хафтаяк»ни ўқиди, Қуръонни ўқиди, Ҳадис-ни ўқиди, Румийни ўқиди, Навоийни ўқиди… Баъзан, шундай қиз борми? – дея талабаларимдан сўрайман. Биз ҳали ўша даврдаги китобхонликка етиб бормадик. Унга етиш учун биз ўзимизга талабни юқори қўйиб, савияни юксалтириш йўлидан боришимиз керак. Қарорлар, фармонлар чиққани билан китобхонлик бўйича танловларни ўтказганимиз билан китобонликка эришиб қолмаймиз. Энг аввало, уларга ихлос билан ёндашишимиз керак. Биз, энг аввало, китобга бўлган қарашни ўзгартиришимиз керак. Китоб жуда муқаддас нарса. Ислом динининг муқаддас китоби – Қуръон ҳам китоб, Ҳадис ҳам китоб, Навоийнинг «Хамса»си ҳам китоб. Мана шу китобни муқаддаслигини, шу каби китобларни инсонлар ўқимаса, том маънода инсон бўлмаслигини етказиш керак.

Ёшларимизга қайси ўзбек ёки жаҳон адибларининг асарларини ўқишларини тавсия қиласиз?

Мен Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳорларни қанчалик кўп ўқисам Достоевскийнинг «Хўрланганлар ва ҳақоратланганлар», «Телба», «Иблислар», Лев Толстойнинг «Анна Ка-ренина», «Тирилиш»ини ҳам кам ўқимаслигим керак. Агар уларни ўқимасам, мен қандай қи-либ ўзимни савияси юқори бўлган китобхонман деб айтоламан!? Лекин афсуски, ҳозирги пайтда ёш ёзувчилар, ёш шоирларнинг шеърларини, насрий асарларини қараб, кузатиб бораман ва ёшларимиз орасида жаҳон мумтоз асарларини ўқиб тушунишда озгина оқсаш борлиги кўзга ташланади.

– Мумкин бўлса, ўзингиз кейинги пайтда қандай китоблар ўқиётганингиз билан ўртоқлашсангиз.

– Мен ҳар йили февраль ойида Навоийни қайта ва қайта ўқийвераман, Бобурнинг «Бобурнома»сини ўқиш мен учун дунёдаги энг мароқли машғулотлардан бири. Бизда «Бобурнома»ни ўқиган кишилар қанчалик кўп бўлса, ўз-ўзидан бизнинг муаммоларимиз ҳам камайиб бораверади. Бугунги кунда Аҳмад Яссавийнинг «Девони ҳикматлар»ини қайта нашрга тайёрлаш жараёнида уни ҳам синчиклаб ўқиб чиқдим.

Китоб эзгулик эшигини очади, барча ёвузликларга қалқон бўла олади, – деган тушунчани қандай изоҳлайсиз?

– Инсонни эзгуликларга йўллашда китоб барибир байроқдор. Яна бир нарса борки, ҳамма китоб ҳам ўқувчини кўнглига, рухига йўл топа олмайди. Баъзи китоблар бўладики, ўқувчини тафаккурини сусайтиради, баъзи китоблар бўлади ўқувчини қалбига зиён етказади ёки уни маҳдуд бир оламга олиб киради. Қуръони карим китобларнинг онаси, мусулмон дунёсидаги барча буюк китоблари мана шу китоблар таъсирида юзага келади. Абдураҳмон Жомийнинг маснавийсини форсийдаги «Қуръон» дейишади. Алишер Навоийнинг «Хамса»си ҳам Қуръон ва Ҳадис нури билан мунаввар бўлган. Китоб ўқиш билан эришилган ғалаба – бу буюк ғалаба. Тафаккур ғалабаси – бу маънавият ғалабасидир.

Китобхонлар ўқиши учун қайси китобларни тавсия этасиз?

– Мен талабаларга дарс бериш вақтида тахминан юзга яқин китоблар рўйхатини бераман. Рўйхат бошида халқ оғзаки ижодининг ёрқин намунаси бўлган «Алпомиш», «Гўрўғли» достонлари, «Девони луғатит турк», «Қутадғу билиг» каби нодир асарларни ўқишларини тавсия қиламан. Энди жаҳон адабиётига келсак, биринчи бўлиб Рабиндранад Тагор асар-ларини ўқиш керак. Унинг асарларини Чўлпон ўқиган, қизиқиши ортиб Фитрат ўқиган. Нега-ки, унинг асарларида кўтарилган муаммолар бизнинг ҳаётимизга жуда яқин бўлган. Баъзи адабиётшуносларимиз Гоголнинг «Тарас Бульба»си билан «Ўлик жонлар» асарларини ўқимасдан туриб ўзларини «Мен адабиётшуносман» деб ҳисобламаслиги керак. Жек Лон-дон, Мартен Иден каби ёзувчиларнинг асарларини ўқиш керак. Франс Кафканинг асар-ларини ўқимасдан туриб, ХХ асрнинг муаммоларини чуқур тушиниб бўлмайди.

Китобхонликни тарғиб қилиш борасида бир қанча ишлар амалга оширилиб келинмоқда, яна Сизнингча нималар қилишимиз керак деб ўйлайсиз?

– Биринчидан, ёшлар ўқийдиган китоблар нархини пасайтиришимиз керак. Бугунги кунда кўп китоблар асосан «бизнес», пул ишлаш, мўмай даромад топиш учун босиб чиқарилади. Китоб савдосидан катта фойда кўраман деган одам миллат маънавиятига катта зарар етказган, илм-фан ривожига ҳисса қўшмайдиган одам бўлади. Иккинчидан, китоб ўқишга тарғиб қилувчиларнинг савияси жуда баланд бўлиши керак. Энг аввало, миллат руҳи билан яшайдиган одам «тарғиботчилик» мақомида ҳаракат қилиши керак, деб ўйлайман.

Устоз самимий суҳбатингиз учун раҳмат!

Суҳбатдош Даврон Мансуров